ЎзА Ўзбек

13.01.2020 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматга чақирилиш ёки кириш муносабати билан фуқароларга қандай кафолатлар берилади?

Ҳарбий хизматга чақирилиш ёки кириш муносабати билан фуқароларга қандай кафолатлар берилади?

Ўтган қарийб ўттиз йиллик тарихий тараққиёт шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда Ватанни ҳимоя қилиш масъулиятли, айни пайтда шарафли ишга айланди. Аслида ҳам юрт ҳимояси азал-азалдан юксак тафаккур, Ватан учун жавобгарликнинг амалдаги ифодаси, юрак амри, виждон иши бўлиб келган. Ўзбек давлатчилиги ривожи, ижтимоий ҳаёт ва ҳуқуқ-тартиботнинг бугунги шакли ва мазмуни ушбу шарафли ишни муайян қонунлар таъсири остига олди. Таъкидлаш керакки, бугун Ўзбекистонда соҳани тартибга солувчи ва мустаҳкамловчи қатор қонунлар яратилди.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонун шу соҳадаги махсус қонунлардан бири бўлиб, у дастлаб 1992 йил 3 июлда қабул қилинди. Соҳада амалга оширилган сифат ўзгаришлари-ислоҳотлар ўлароқ, 2002 йил 12 декабрда Қонун айнан ўша номда янгидан қабул қилинди. Қонун 51 моддадан иборат.

Умумий ҳарбий мажбурият қонунга кўра, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга мажбурий, ҳарбий тайёргарлигидан иборат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади. Умумий ҳарбий мажбурият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ишга кираётганимизда тўлдириладиган “Шахсий сўровнома”да ҳарбийга алоқадорлиги банди мавжуд. Ҳарбийга алоқадорлик мақомига жавобан қонун нормалайдики:

- ҳарбий хизматга чақириладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар – чақирилувчилар;

- ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар – ҳарбий хизматчилар;

- Қуролли Кучларнинг резерви ёки захирасидаги шахслар – ҳарбий хизматга мажбурлар;

- турли сабабларга кўра ҳарбий рўйхатга олинмаган ёки ҳарбий рўйхатдан чиқарилган, шу жумладан истеъфодаги шахслар – ҳарбий хизматга мажбур бўлмаган шахслар ҳисобланади.

Ҳақиқий ҳарбий хизмат чақирув ёки контракт бўйича оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида Қуролли Кучлар сафидаги ҳарбий хизматдир.

Қонунга кўра, ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг халқи ва Президентига содиқлик тўғрисида Ҳарбий қасамёд қабул қиладилар.

Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.

Ўзбекистон Республикасида ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари жорий этилади:

- муддатли ҳарбий хизмат;

- сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

- контракт бўйича ҳарбий хизмат;

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Муддатли ҳарбий хизмат чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизмати бўлиб, унинг муддати календарь ҳисобида ўн икки ой этиб белгиланган.

Қонунга кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобрақамига пул бадаллари киритилишини назарда тутади. Ушбу хизмат сафига шахслар йигирма етти ёшга тўлгунга қадар олинадилар ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилишлари мумкин, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз рўй берган тақдирда эса ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар.

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта – март-апрель ойларида ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига фуқароларни навбатдаги чақирув ҳамда муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни хизматдан бўшатиш тўғрисида”ги Қарори чақирув бошланишига камида бир ой қолганида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган чақирилувчилар, шунингдек олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган талабалар ўқишни давом эттиришлари учун уларнинг чақирилиш муддати ўқишни тамомлагунларига қадар кечиктирилади. Таълим муассасаларидан ўқишдан чиқарилган шахслар чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан озод этилиш мумкинми?

Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар: саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар; яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар. Ушбу шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин; рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизмат – Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир. Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар. Хизмат ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Айни пайтда ҳақиқий ҳарбий хизматга контракт бўйича кираётган шахслар билан дастлабки контракт беш йилга тузилади; контракт бўйича ҳарбий хизматчилар (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар) билан янги контракт 
беш йилга ёки агар ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етишига беш йилдан кам қолган бўлса, камроқ муддатга тузилади.

Контрактда назарда тутилган муддат тугаганидан кейин тарафларнинг келишуви билан бу муддат янги контракт тузиш орқали узайтирилиши мумкин.

Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати – ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшилмалари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир. Резервчилардан уруш даврида ҳам, тинчлик даврида ҳам Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз таҳдиди ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғилганида, табиий офатлар ҳамда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан қўшилмалар ва қисмлар таркибида жанговар мақсадлар бўйича фойдаланилиши мумкин.

Чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тартиби қандай?

Чақирилувчилар билан олиб бориладиган ҳарбий хизматга тайёргарлик ишлари қуйидагиларни қамраб олади: чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик; чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги; ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёргарлик, жисмоний тайёргарлик, даволаш-соғломлаштириш ишлари, умумтаълим тайёргарлиги, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш. Шуни айтиш керакки, Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, шу жумладан фуқаро муҳофазаси бўйича тайёргарлик ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумтаълим мактабларида ва ўрта махсус таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади. Чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилади.

Ўсиб келаётган ёш авлод бизнинг эртамиз эгаларидир. Бинобарин, уларнинг соғ тан ва соғлом ақлда бўлиши муҳимдир. Бинобарин, уларнинг саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказиш чақирилувчиларни мудофаа ишлари органлари томонидан жалб этиладиган мутахассис врачлар томонидан ҳар йили амалга оширилади. Халқ таълими органлари чақирилувчиларнинг умумтаълим тайёргарлик даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришлари шарт. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасалари томонидан амалга оширилади. Бу хайрли ишда нафақат давлат органлари, балки нодавлат тузилмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Айнан шу жабҳада ижтимоий шериклик яққол кўзга ташланади. Зеро, барчамизни ватан манфаати бирлаштиради.

Юртимизда олий ўқув юртлари талабаларининг ҳарбийга алоқадорлиги, уларни ҳарбий кўникмаларга тайёрлаш тизими қандай?

Олий таълим муассасаларининг талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мазкур муассасаларда ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида (ҳарбий кафедралар, цикллар ва факультетларда) амалга оширилади. Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъи назар, ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар. Ҳарбий тайёргарликка йигирма етти ёшгача бўлган саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар жалб қилинадилар. Қонунга кўра, талабаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтишга қабул қилиш уларнинг шахсий аризаларига биноан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Ҳарбий хизматни ўтаб келган талабалар ҳам резервдаги ва захирадаги офицерлар таълими дастури бўйича ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари мумкин. Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, таълим дастурини ўзлаштирган ва белгиланган давлат имтиҳонларини топширган талабалар уларга лейтенант унвони берилганидан кейин ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар ёки резерв ёхуд захирага ўтказиладилар. Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарлик таълимидан ўтмаган талабалар таълим муассасасини тамомлаганларидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақириладилар.

Ҳарбий хизматга чақирилиш ёки кириш муносабати билан фуқароларга қандай кафолатлар берилади?

Қонунга кўра, ҳарбий хизматга чақирилган ёки кирган фуқароларга ишдан бўшатиш нафақаси қонун ҳужжатларига мувофиқ иш жойида тўланади. Фуқаролар ҳарбий рўйхатдан ўтиш, ҳарбий хизматга чақирилиши ёки кириш билан боғлиқ вазифаларни бажариш учун зарур вақт давомида ишдан (ўқишдан) озод этилади, уларнинг иш (ўқиш) жойидаги ўртача иш ҳақи (стипендияси) сақланиб қолади. Ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқаролар кириш имтиҳонларини топшириш учун зарур вақт давомида ишдан озод этилади, иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Ҳарбий хизматга резервдан ёки захирадан ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган офицерларга олий таълим муассасасидаги ўқиш ҳамда ҳарбий ҳисобдаги ихтисосликка мувофиқ келадиган лавозимлардаги иш стажи ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.

Муқобил хизмат нима?

Муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир. Ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга. Муқобил хизматнинг муддати – йигирма тўрт ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса – ўн саккиз ойни ташкил этади. Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга иш ҳақининг саксон фоизи тўланади, уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётган суммалар республика бюджетига ўтказилади. Эътиборлиси, муқобил хизмат муддати меҳнат стажига қўшилади. Шунингдек, муқобил хизматдан бўшатилган фуқаролар Қуролли Кучлар захирасига ўтказилади. Айни вақтда муқобил хизматни ўтаётган фуқаро раҳбарлик ва сайлаб қўйиладиган лавозимларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, таълим муассасаларига ўқишга кириши мумкин эмас.

Юртбошимиз ўз вақтида “... келажакда ҳарбий бўлишни орзу қиладиган ботир фарзандларимиз миллий руҳни, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусини қаердан олади? Ватанимиз бой тарихидан, Амир Темур каби буюк аждодларимиз жасоратидан олади. Ўз оиласи, меҳрибон ота-онаси ҳамда эл-юртимизнинг ишончи, ғамхўрлиги ва эътиборидан олади. Ёшларга ҳамиша ўрнак ва намуна бўлиб келаётган сиз каби чинакам фидойи ҳарбийлардан олади” – дегандилар. Ҳа, Қуролли Кучларимиз Олий Бош қўмондонининг шундай юксак ҳурмат-эҳтиром, даъватига бизлар – шу Ватан эгалари муносиб бўлишимиз шарт. Зеро, тинчлик ўз-ўзидан бўладиган воқелик эмас. Уни асраш, унинг учун курашмоқ керак.

Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламиз!

Миродил Баратов,

юридик фанлар доктори, ТДЮУ профессори

Акбар Тожибоев,

ТДЮУ ўқитувчиси


4 881
ЎзА