ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:29 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари доимий эътиборда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари бош бошқармасида “Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида кенгайтирилган кўргазмали тадбир ташкил этилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 январдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари бандлигини, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, маънавий-маърифий оламини бойитиш, улар қалбида Ватанга меҳр ва садоқат, унинг тақдири учун масъулият ҳиссини уйғотиш муҳим масалалардан эканини таъкидлаган эди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий муҳофазаси ҳамда бандлигини таъминлашдан иборат бўлди. Бу борада Тошкент шаҳридаги 11 туманнинг бандликка кўмаклашиш марказлари ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ярмарка давомида 81 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланиб, шу ернинг ўзида меҳнат шартномалари имзоланди.

Тадбир давомида ўтказилган китоб ярмаркасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўзлари қизиққан китобларни харид қилиш имкониятига эга бўлди. Бу эса уларда китобхонликка қизиқиш ошишига замин яратади. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари ярмаркаси ташкил этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 829