ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматчиларга янги уй-жойлар берилди

Ҳарбий хизматчиларга янги уй-жойлар берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига 48 хонадондан иборат янги уй фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Қуролли Кучларни ислоҳ қилишга, шу жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини қўриқлашдек шарафли вазифани адо этиб келаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Шу жумладан, Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Нукус шаҳрида фойдаланишга топширилаётган 48 хонадондан иборат янги уйда барча шарт-шароит яратилган бўлиб, болалар учун ўйин майдончалари, ҳовли шийпони ва савдо дўкони барпо этилган. Қурилиш ишлари «Инвестстрой Нукус» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан белгиланган муддатда бажарилди.

Яратилаётган қулай имкониятлар ҳарбий хизматчиларимизни халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашда, давлатимизнинг тақдири ва келажаги учун фидойи бўлишга ундайди.

– Ҳарбий хизматчиларга алоҳида эътибори учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз, – дейди янги хонадон эгаларидан бири, сержант Раҳим Умаров. – Бундай имкониятлар ҳар биримиздан белгиланган жанговар вазифаларни аъло даражада бажаришимизни талаб қилади.
Тадбир иштирокчилари янги уй-жойда яратилган шароитлар билан танишди.

30.jpg

10.jpg

12.jpg

4 916
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА