Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 18:39 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматчиларга ғамхўрлик кўрсатилмоқда

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар, сафарбарлик чақируви резервларида хизмат қилиш тартибидаги ўзгаришларга доир янги маълумотлар берилди.

Мудофаа вазирлиги бошқарма бўлими бошлиғи, подполковник Махсуд Исоқов профессионал ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шунингдек, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун давлат гранти асосида таълим олишга умумий қабул сонидан 5 фоизли квота ажратилади. Уларнинг фарзандларига махсус тавсиянома берилади.

Ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, яраланган, контузия ёки шикастланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тегишли вазирлик ёки идоранинг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларининг бюджет ўринларига махсус квота бўйича тест синовларисиз қабул қилинади. 

Мазкур ҳужжат билан вазирлик ва идораларга ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таълим олиши учун контракт пулини тўлашга рухсат этилди.

Жорий йилдан Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти (СОҲАҚМБ) фаолияти тугатилганлиги, энди офицер-автомобилчилар ва артиллериячилар Қуролли Кучлар академияси ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида тайёрланиши ҳақида маълумот берилди. 

2018 йилдан ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактабини тугатиш, унинг ўрнида СОҲАҚМБ базасида Қуролли Кучлар учун кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ташкил этилди. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Қаршига кўчирилди. 

Тошкент ҳарбий округ ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия майори Сардор Собиров Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун мавжуд ва янги имтиёзлар тўғрисида сўзлаб берди. У прокуратуранинг ҳарбий ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ҳарбий нафақахўрлар муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилганлигини таъкидлади. Меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг бандлик масаласи ҳал этилди. 

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан автотранспорт сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратиш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Таъкидландики, Мудофаа вазирлигининг жанговар қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмаларининг офицерларига ҳамда сержантлар ва оддий аскарлар таркибининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларига ҳар бир ҳарбий қисмдан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ўрнак кўрсатган 10 нафаргача кишига Марказий банк ва "Ўзавтосаноат" АЖ томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. 

Кредитлар 10 йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан, харид қилинаётган автотранспорт воситаси қийматининг 15 фоизи миқдоридаги бошланғич тўлов, йиллик 7 фоиз ставкасида ажратилади. 

Тадбирда сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташнинг янги имкониятлари алоҳида таъкидланди. Масалан, ушбу турдаги хизмат учун бадал миқдори энг кам иш ҳақининг 25 баробаридан 20 баробаригача камайтирилиб, бугунги кунда 3 миллион 444 минг сўм қилиб белгиланди. Сафарбарлик чақируви резерви йиғинида хизмат ўтаган йигитлар келгусида умумий асосда шартнома бўйича хизмат ўташга чақирилиши мумкин. 

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун янги имтиёзлар давлатимизнинг Ватан ҳимоячиларига ғамхўрлигининг ёрқин намунаси, уларнинг оғир ва машаққатли меҳнатига юксак баҳо бўлгани шубҳасиз. 

Аблай Камолов, ЎзА
4 057