ЎзА Ўзбек

07.09.2018 13:16 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматчилар саёҳатга чиқди

Ҳарбий хизматчилар саёҳатга чиқди

Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилди.

Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган тадбир доирасида дастлаб ҳарбий қисмда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.

Миллий армиямизни ислоҳ қилиш ва мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳатга чиқди.

– Давлатимиз раҳбари қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси тасдиқланди, – дейди ҳарбий қисм командирининг ҳарбий ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, майор А.Ҳакимов. – Унда ҳарбий хизматчиларнинг билими, маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик, масъулият, садоқат ва ватанпарварлик ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилган. Мазкур тадбир ҳам ушбу вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан бирга Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида бўлиб, бу ерда сақланаётган ноёб тарихий ашё ва экспонатлар билан танишди. “Самарқанд китоб олами” маънавий-маърифий мажмуасида юртимиздаги нашриётларда янги чоп этилган асарлар ҳақида маълумот берилди. Офицер ва сержантлар ўзлари ва фарзандлари учун китоблар харид қилди.

Саёҳат сўнгида Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида намойиш этилган “Мирзо Улуғбек” спектакли ҳам тадбир иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
6 165