ЎзА Ўзбек

18.08.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматчилар қаҳрамонларча ҳалок бўлган қуролдошларининг оиласидан хабар олишмоқда

Ҳарбий хизматчилар қаҳрамонларча ҳалок бўлган қуролдошларининг оиласидан хабар олишмоқда

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ходимлари хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оиласидан хабар олди.

photo5458792275623651624.jpg

Жумладан, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Самарқанд вилояти Булунғур туманида бўлиб, 2000 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё ва Узун туманларида жангариларга қарши курашда ҳалок бўлган Маъруфжон Ражабовнинг уйига, шунингдек, у таҳсил олган мактабга борди. Тумандаги 18-умумтаълим мактабига Маъруфжон Ражабовнинг номи берилган бўлиб, ҳозирда ушбу мактабга қаҳрамонимизнинг акаси, захирадаги подполковник Тўлқин Ражабов раҳбарлик қилмоқда.

photo5458792275623651625.jpg

Мазкур умумтаълим мактабида марҳумнинг онаси Шакарбону ая Ғофурова иштирокида ўқувчи ёшлар ҳамда фахрийлар учун “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” шиори остида хотира учрашуви ўтказилди. Уларга ташкилотчилар томонидан турли совға-саломлар улашилди.

photo5458792275623651626.jpg

Маъруф Ражабов билан жанг майдонида бирга курашган сержант Алишер Каттақулов йиғилганларга ўша кунлар хотиралари ҳақида сўзлаб берди.

Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида ҳам юқорида қайд этилган жангларда террористик кучларга қарши кечган курашда мардларча ҳалок бўлган лейтенант Сайёр Садиновнинг хотирасига бағишлаб ёшлар билан учрашув ташкиллаштирилди. Самарқанд шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби Сайёр Садинов номи билан аталмоқда ва у ерга марҳумнинг бюсти ўрнатилган.

Тадбир сўнгида ҳарбий хизматчилар фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

М. Тошқораева, ЎзА
4 545