Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.03.2017 17:11 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизмат – фахр ва шараф

Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар қасамёд қабул қилди.

Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилган тадбирда офицерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Т.Эргашев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Алеуов, аскар онаси А.Абдурейимова, оддий аскар М.Анваров ва бошқалар мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз ёшлар учун чинакам мардлик ва ватанпарварлик мактабига айланганини алоҳида таъкидлади.

Аскарлар Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.

– Алпқомат аскар йигитларимизнинг командирлар олдида саф тортиб турганини кўришнинг ўзи ғоят завқли, – дейди Андижон вилояти Марҳамат туманидан келган Камолахон Тешабоева. – Улар сафида ўғлим ҳам борлигидан фахрланаман. Бу йигитлар юртимиз тинчлиги ва осойишталиги учун сидқидилдан хизмат қилишига ишонаман.

Тадбирда аскарлар томонидан саф ва жанговар тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталари ва эстрада хонандалари томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
1 154






Все о погоде - Pogoda.uz