ЎзА Ўзбек

11.01.2019 20:31 Чоп этиш версияси

Ҳарбий қисмнинг намунали етакчиси аниқланди

Ҳарбий қисмнинг намунали етакчиси аниқланди Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Ҳарбий қисмлардаги энг намунали бошланғич ташкилоти” танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.Унда танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар иштирокчи қатнашди.

Танловни ташкил этишдан асосий мақсад, бошланғич ташкилотларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, фаол, иқтидорли, ташаббускор етакчиларни қўллаб-қувватлашдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ташкил этилган танлов икки босқичда ўтказилди.

Дастлабки босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган эди.

Танлов мезонларига кўра, бошланғич ташкилот етакчисининг 2018 йил давомида амалга оширган ишлари, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий саводхонлиги, нотиқлик санъати ва ёшларни ўз ортидан эргаштира олиши, етакчининг ташаббускорлиги, янги амалга оширадиган лойиҳаси баҳоланди.

Танловда 1-ўринни Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмнинг бошланғич ташкилоти етакчиси Зиёдилла Тиллахўжаев эгаллади. 2-ўринга Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмнинг бошланғич ташкилоти етакчиси Анвар Қутлимуродов муносиб кўрилди. 3-ўрин эса Хоразм вилоятидаги ҳарбий қисмнинг бошланғич ташкилоти етакчиси Жўра Раҳматов ва Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмнинг бошланғич ташкилоти етакчиси Аҳад Маҳкамовга насиб этди.

Мамлакат босқичида 1-ўринни қўлга киритган бошланғич ташкилот етакчиси “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ва бошқа давлат мукофотларига тавсия этилади.



Б.Мелиқулова,ЎзА
1 847