ЎзА Ўзбек

08.08.2018 20:55 Чоп этиш версияси

Ҳарбий қисмда очиқ эшиклар куни

Ҳарбий қисмда очиқ эшиклар куни Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ва ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол, ҳарбий-ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

5.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Очиқ эшиклар кунида дастлаб ёшлар учун замонавий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди.

– Менда айниқса, автомат, снайпер, гранатомёт каби қуроллар, ҳарбий муҳандислик анжом-аслаҳалари катта қизиқиш уйғотди, – дейди 12–Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Б.Мамаев. – Уларни ўз қўлларим билан ушлаб кўрдим. Келажакда ҳарбий бўлишни кўнглимга тукканман. Бу тадбир соҳага қизиқиш ва интилишимни, Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга меҳримни янада оширди.

Тадбир доирасида ўғил-қизлар ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўлими фаолияти билан танишди. Бу ерда навқирон авлодга ҳарбий қисм ёшлари эришаётган ютуқлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Ҳарбий қисм аскарлари турли танлов ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгалламоқда. Жумладан, ҳарбий қисм жамоаси “Ёш китобхон” кўрик-танловининг округ босқичида биринчи ўринни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳам ҳарбий қисм аскарлари ғолиб бўлди. Спорт мусобақаларида эришилаётган ютуқлар ҳам эътиборга сазовор. Айни пайтда ҳарбий қисм ўғлонлари спортнинг бокс, қўл жанги ва регби турлари бўйича мамлакат очиқ чемпионатида иштирок этишга пухта ҳозирлик кўраётир.

7.jpg

Муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар ётоқхонасида яратилган шароитлар, компьютер ва фотоэлектрон тренажёр-ўқув хоналари, кутубхона, электрон кутубхона, ошхона ва спорт мажмуаси ёшларда катта таассурот қолдирди.

– Ҳарбий либос кийишни орзу қиламан, – дейди 12–Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Забаржад Баҳромова. – Бу ердаги шароитлар билан танишиб, ўзимга муносиб касб танлаётганимга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Фотоэлектрон тренажёр ўқув хонасидаги имкониятлар, бой китоб фондига эга кутубхона ва ёш ҳарбийларга яратилган қулайликларни кўриб, жуда ҳавасим келди. Ҳарбий ошхонада тайёрланган мазали таомлардан тановул қилиб кўрдим. Келгуси йил умумтаълим мактабини тугатгач, албатта, шу соҳа бўйича ўқишни давом эттираман. Бунинг учун ҳозирдан жисмонан чиниқиб, чуқур билим олишга интилмоқдаман.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ҳам ёшларнинг миллий армиямиз сафларида хизмат бурчини ўташга интилишини мустаҳкамлаб, улар қалбида юртга садоқат, сарҳадларимиз дахлсизлигига масъуллик туйғусини юксалтирадиган ана шундай қизиқарли тадбирлар ўтказишни мўлжалламоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 004