ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:39 Чоп этиш версияси

Ҳарбий қасамёддан олдин “Темур тузуклари”дан синов топшириш керак

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги асарларни кўпайтириш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясининг қабул қилиниши, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликдаги ишлар кучайтирилгани миллий армиямиз сафларини мустаҳкам ирода, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш имконини бермоқда. Зеро, юқори профессионал, бурчига садоқатли, фидойи ва мард ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 

Жорий йил 28 ноябрда Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида мамлакатимиз ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш, мудофаа саноати ва ҳарбий таълимни ривожлантириш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқариш тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши лозимлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари аскарлар ҳарбий қасамёд қабул қилишдан олдин, албатта, Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари”дан синов топшириши кераклигини қайд этди. Илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берди. 

Йиғилишда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат фазилатларини юксалтиришга хизмат қиладиган, Ватан ҳимоясидек муқаддас ва шарафли бурчга масъулият билан ёндашишга ундайдиган юксак бадиий асарлар яратиш, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини, ҳарбий хизматни ўтаётган – замонамиз қаҳрамонлари образини акс эттирувчи ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги шеърий, насрий, бадиий публицистик, саҳна асарларини кўпайтириш, киносценарийлар ёзиш, ижодкорларга ижтимоий буюртма бериш асосида уларни мазкур мавзулардаги асарлар яратишга рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди. Бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. 



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
4 379