ЎзА Ўзбек

12.10.2018 14:23 Чоп этиш версияси

Ҳарбий ҳамкорлик ривожланмоқда

Ҳарбий ҳамкорлик ривожланмоқда

Тошкентдаги Халқаро форумлар саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Россия Федерацияси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишга Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу раислик қилди. 

Йиғилиш давомида Марказий Осиёдаги вазият, халқаро терроризмга қарши курашиш йўлидаги устувор вазифалар, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, радиацион, кимёвий ва биологик вазиятни баҳолаш ҳамда назорат қилишда Бирлашган тизимнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучлари авиация парвозлари соҳасида ҳамкорлик масалалари, Ягона давлат радиакцион идентификация тизимини амалга ошириш, ҳарбий таълим соҳасида ҳарбий билим юртлари курсантлари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш, Иккинчи жаҳон урушининг 75 йиллигига бағишланган қўшма тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари кенгаш аъзолари Мудофаа вазирлари кенгашининг 2019 йил бўйича иш режасини қабул қилди. МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучларининг ҳамкорликдаги (бирлашган) алоқа тизимини ривожлантириш, 2022 йилга қадар қуролли кучлар фаолиятининг дастурий таъминоти, навигация, метрология, топография ва геодезия соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш, 2019 йил давомида МДҲга аъзо давлатлар Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондонликлари ўртасида қўшма машғулотларни ташкил этишга йўналтирилган ҳужжатлар имзоланди.

Тадбирда мамлакатлар мудофаа идоралари раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” эсдалик нишони топширилди.

Нурилло Насриев, ЎзА​​
1 937