ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

“ARAL MARATHON” Самарқандда давом этди

“ARAL MARATHON” Самарқандда давом этди

Тошкентда 17 октябрь куни бошланган “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остидаги “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафони 18 октябрда Самарқандда давом этди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25 октябрь куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати иштирокида юқори даражадаги Орол конференцияси ўтказилади.

photo5280635120925125693.jpg

Мазкур конференция олдидан Ўзбекистон Экологик партияси 17-22 октябрь кунлари мамлакатимизда илк бор халқаро экологик марафон ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Юртимизнинг олти шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган мазкур тадбир пойтахтимиз Тошкентда бошланиб, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида якунланади.

photo5280635120925125696.jpg

– Бугун эрта тонгдан вилоятимиздаги олий таълим муассасалари талабалари, спортчилар, Миллий гвардия ва ички ишлар идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортсевар ёшлар ва фахрийлар, шунингдек, пойтахтимиздан келган марафон қатнашчилари – мингдан ортиқ киши ушбу тадбирда иштирок этиш учун Регистон майдони атрофида тўпланди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси А.Курахмедов. – Улар шу ердан марафонни бошлаб, Регистон кўчаси, Университет хиёбони бўйлаб 5 километр масофани босиб ўтди. Марафон қатнашчилари рамзий маънода идишдаги сувни қўлдан-қўлга узатган ҳолда белгиланган маррага етиб келди. Бу аҳолининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маданиятини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилади.

photo5283152070544829251.jpg

Маррага биринчи бўлиб пастдарғомлик Алишер Сафаров ҳамда пайариқлик Диёра Ризаева етиб келди. Ғолиблар ҳамда марафоннинг бошқа фаол иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

2 411
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.