Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 18:33 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегиясини самарали ёритиш масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда «Янги форматлар даври: Ҳаракатлар стратегиясини самарали ёритиш» мавзуида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар ўтказилди. «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда журналистлар, экспертлар иштирок этди.

Беш босқичда амалга оширилиши назарда тутилаётган Ҳаракатлар стратегияси йилларга бериладиган номларга мувофиқ тасдиқланадиган Давлат дастурлари билан уйғунлаштирилади.

Айни пайтда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида ташкил этилган «Тараққиёт стратегияси» маркази мазкур йўналишда журналистлар учун кенг имкониятлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари белгилаб олинмоқда.

Семинар иштирокчилари фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилаётган қарорлари сифати учун масъулиятни, фаолият самарадорлигини ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар юзасидан фикрлар хилма-хиллиги борасида мулоҳазалар айтилди.

Тадбирда, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида яқин алоқани таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш, қонунлар ва қонунчилик ҳужжатларига оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришга оид тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида ҳам таклифлар билдирилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган вазифаларни атрофлича тушунтириш ва оммавий ахборот воситалари олдидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
3 431






Все о погоде - Pogoda.uz