Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 14:22 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегиясида эзгу мақсадлар мужассам

Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашни янада кучайтириш бўйича партия ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси замирида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам эканлигини таъкидлади.

Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳудудлардан сайланган депутат ва сенаторларнинг ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиш, турли даражадаги раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш ҳамда тегишли хулосалар бериш борасидаги ишлари партия электорати манфаатларига дахлдор муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундан ташқари, партия ташкилотлари қошида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу асосда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш, камчиликлар ва уларнинг сабабларини муҳокама қилиш йўлга қўйилди.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган ижтимоий масалалар, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ногирон ва кам таъминланган оила фарзандлари бўлган коллеж битирувчилари учун иш ўринларини ўрганиб чиқиш, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жой қуриш, ногиронлар ва ёлғиз қарияларни бепул асосда протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари билан таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг иштирокини кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Давлат дастурининг ҳар бир йўналиши бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 254






Все о погоде - Pogoda.uz