Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 18:06 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси ва журналист масъулияти

Тошкентда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ролига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлими, Тошкент вилояти адлия, молия, меҳнат бошқармалари мутахассислари, журналистлар иштирок этди.

Ўтган қисқа вақтда Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, пойтахтимизда Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди. Мазкур марказ Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган чораларни ҳаётга татбиқ этиш ва ҳар томонлама қайта кўриб чиқиш, экспертлар ва жамоатчилик иштирокидаги муҳокамаларда билдирилган фикрларни бирлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш жараёнига фуқаролик институти вакиллари, мутахассислар, олимларни кенг жалб қилиш ишларига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Тадбирда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенг амалга ошириш механизмларини жорий этиш, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини халққа тушунарли қилиб етказишда журналистлар масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида яқин алоқаларни таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш, соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш ва қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан фикр алмашилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
2 966






Все о погоде - Pogoda.uz