Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 12:12 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси ва жамият тараққиёти

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси – фаолиятимиз дастури” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилгани таъкидланди. Бу амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада юксалтириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал тараққий эттириш учун шароитлар яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.

– Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш назарда тутилган, – дейди партия вилоят кенгаши раиси С.Ҳамроев. – Жумладан, унда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу сиёсий партияларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларга самарали ечим топиш, ҳудудларни ривожлантиришда фаол иштирок этишига мустаҳкам замин яратади.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегияси барча йўналишларининг ўзига хос жиҳатлари кенг очиб берилди. Жумладан, Президентимиз фармони асосида ташкил этилаётган “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси вилоятда саноатни янада ривожлантириш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаси зиммасига улкан вазифалар юклайди. Унда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилишда фаоллик кўрсатиш, аҳоли билан мулоқотлар ўтказиш, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш долзарб масаладир.

Тадбир иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган вазифаларни атрофлича тушунтириш бўйича партия олдида турган ишлар хусусида фикр алмашди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 353






Все о погоде - Pogoda.uz