Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 17:49 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси ижросида оммавий ахборот воситаларининг ўрни

Самарқандда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари раҳбар ва ходимлари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлиши таъкидланди. Мазкур ҳужжатдаги беш устувор йўналишдан биринчиси давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришга қаратилган. Мазкур йўналишда янги қонунлар қабул қилиш, бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.

Семинарда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини ОАВда кенг ёритиш жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали усулларидан бири эканини қайд этди. Мамлакатни сиёсий модернизация қилиш шароитида айнан оммавий ахборот воситалари давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг транспарентлигини таъминлаб, давлат ва жамият ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида давлат, ижтимоий, шахсий манфаатлар мувозанати механизмларида ҳам уларнинг роли ортиб бормоқда.

Тадбир иштирокчилари бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенг амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

– Кейинги пайтда мамлакатимизда қонунлар ва муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин кенг жамоатчилик фикри ўрганилаётгани, қонун лойиҳалари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли соҳа мутахассислари томонидан кўриб чиқилаётгани уларнинг ҳар томонлама мукаммал бўлишига хизмат қилмоқда, – дейди халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Б.Шарофов. – Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида ҳам бир қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган. Ушбу вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам катта масъулият тушади.

Семинарда Ҳаракатлар стратегиясининг беш устувор йўналиши ва уларни амалга ошириш юзасидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар бўйича маърузалар тингланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 194






Все о погоде - Pogoda.uz