ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ҳаракатлар стратегияси доирасида прокуратура органлари фаолияти жиддий чекланди

Ҳаракатлар стратегияси доирасида прокуратура органлари фаолияти жиддий чекланди

Айни дамда пойтахтимизда «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Мазкур форумда Ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар бўйича фикрлар билдирилмоқда. 
Элдор ТУЛЯКОВ “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:
– Ҳаракатлар стратегияси бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжатидир.

Мазкур ҳужжат, мана тўртинчи йилдирки, мамлакатда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялаш, энг асосийси, халқни рози қилиш ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш йўлида устувор аҳамият касб этиб келмоқда.
Ҳаракатлар стратегиясининг ўтган 3 йил мобайнидаги ижроси, ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда барча соҳаларда салмоқли натижалар, юқори самарадорлик ва юксак марраларга эришилаётганидан далолат бермоқда.
Буни олиб борилаётган ислоҳотлар самардорлигини нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият, хорижлик етук сиёсатчи ва экспертлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан ҳам юқори баҳоланаётганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Албатта, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги тизимли саъй-ҳаракатларда, давлат органлари билан бир қаторда, мамлакатда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ҳам ўзига хосдир.

Шу маънода, бугун “Ҳаракатлар стратегияси” билан ҳамоҳанг тарзда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам ўзининг 3 ёшини қарши олди.


Эркин ЙЎЛДОШЕВ Бош прокурор ўринбосари: 
— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган ва ечимини кутаётган муаммолар, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, мамлакатни барқарор ривожлантириш учун муҳим ҳужжат, ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та асосий йўналиши бор. Шундан иккинчиси мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган. Бу йўналиш учун Бош прокуратура масъул. Хўш, ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди? 
Хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг қиёфаси янгиланди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида прокуратура органлари фаолияти жиддий чекланди. Тергов ва одил судлов билан боғлиқ бўлган процессуал нормалар жиддий ўзгарди. Хусусан, ушлаб туриш ва дастлабки терговни амалга ошириш муддатлари қисқартирилди.ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни тергов қилиш процедураси ўзгартирилди ва мамлакатда биринчи марта суриштирув институти жорий этилди.
Йиллар давомида мамлакат тараққиётига жиддий тўғаноқ бўлган масалалар бор эди. Улардан бири далиллар мақбуллиги билан боғлиқ муаммолар. Далиллар мақбуллигига оид нормалар конкретлаштирилди.
Ўтган 3 йилда 1 минг 910 та оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, уларнинг 566 таси прокуратура протестлари билан бўлди. Бу жамиятдаги ўзгаришларнинг ёрқин далилидир.
Прокуратура органлари Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида 28 та тадбирни амалга оширишни режалаштирган. Албатта, булар халқ маънфаатини таъминлашга хизмат қилади

1 391
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА