ЎзА Ўзбек

04.09.2019 Чоп этиш версияси

Араб шайхи: менга жаннатни эмас Ўзбекистонни тасвирлаб беринг

Араб шайхи: менга жаннатни эмас Ўзбекистонни тасвирлаб беринг

Шуҳрат бобо ҳамда Фотима момонинг Муборак Ҳаж сафаридан қайтганига ҳам уч йил бўлибди. Аммо, отахоннинг Макка кўчаларидаги бир араб шайхи билан бўлган суҳбати таассуротларидан ҳали ҳам ҳайратдаман. Бу мен учун ибрат ва шукроналик неъмати. Нега?

Ўйлаб кўрайлик, оддий бир ўзбекнинг кундалик ҳаёти тасвири бадавлат бир араб шайхи наздида жаннатни тасвирлашдек қийматга эга экан, нега ҳадеб ҳаётдан нолиш, атрофда бўлаётган бунёдкорлик, ободликни атайин назарга илмаслик, аслида ҳаёт неъмати бойлик эмас хотиржам ўтган бир кун билан қиёсланишини тан олмаслигимиз керак. Нега бу мусаффо осмон, бу саховатли замин, бу чуғурчуқ набиралар аслида бахт эканлигини англаб етмаслигимиз керак.

Нега бу неъматлар қадрини англагандан кейин аттанг дея пешонага уришимиз керак.

Мана шу каби хаёллар Макка кўчаларида Шуҳрат бобо ва араб шайхи ўртасидаги суҳбатни яна бир бор эслашга асос бўлди.

Эсимда, Макка кўчаларида икки одам машинасидан тушиб ёнимга келди. Оппоқ соқолимга тикилди-да, камзулимга қараб “Юзингиздан нур ёғилади. Қаердансиз?”, деб қолди.

Шунда мен: “Беҳисоб шукр, Ўзбекистонданман”, дедим.

Ногаҳон, “Отахон, мен асли ўзбекман. Қатағон даврида ота-онам шу ерда паноҳ топган. Ота юртим Ўзбекистон. Узр, бу жаноб саудиялик араб шайхларидан. У сиздан юртингиз ҳаёти, бир кунлик ҳаётингиз қандай ўтишини сўрагиси келяпти”, деб қолди. Кейин билсам у йигит тилмоч экан.

— Майли болам, садқаи суханнинг. Жоним билан. Азонда уйғонаман. Келинларим барака топсин, иссиқ сув-у сочиқларни ҳозирлаб қўйишади. Жойнамоз устида юртимиз тинчлиги, набираларим келажагини сўрайман. Азонлаб далага жўнайман. Қуёшни уйғотиш илинжида бедана-ю, булбул хониши, қалдирғочларнинг шўх рақсларини мириқиб томоша қиламан. Ҳар кетмон урганда, Худодан ризқ-насиба сўрайман. Нонуштага тирсиллаб ёрилган қовун, қирсиллаган олмаларни боғимдан узиб хонадонимга шошаман. Ширмой юзли набираларимни тиззамга қўяманда, серсут сигиримнинг қаймоғини оби нонга ботириб маза қилиб тановул қиламиз. Бошқаларни билмадим-у, менинг хонадонимда чақалоқ ва нон ифори доим уфуриб туради. Сўри атрофидаги садарайҳонни айтмай қўяй. Кампирим барака топсин гуллардан кўзларим қувнашини билади. Уйимнинг ҳар бурчагидан бешикнинг ғийчиллаши-ю, авлодим давомчиларига айтилаётган алла садолари остида яна далага жўнайман. То кун қизигунча, қирдаги интенсив боғимга шўнғийман. Ногаҳон боғ яқинидаги булоқнинг зилол сувида чайқалиб сузаётган олмаларни кўриб иштаҳам очилади. Белбоғимдаги нонни мусаффо булоқ сувига ботириб паққос тушираман. Қуёш тикка бўлгач, оиламга чопаман. Қирсиллаган тарвуздан набираларим чапак чалади.

Бироз пинакка кетиб сўнгра чойхонага чиқаман. Олов ҳиди уфуриб турган памил чойни сипқориб нуроний чоллар билан гурунг қиламан. Биз ўтирган шотининг остидан муздек анҳор оқади. Ногоҳ Хизр алайҳиссалом ҳақида ўйлайман. Хизр алайҳиссалом ўтирган жой, намоз ўқиган чўллар ям-яшил, қуриган ўт-ўланлар чайқалиб кўкаришидек кароматга имон келтираман. Хизр дегани “ям-яшил” деганида болам.

Бўлмаса чўлнинг қоқ ўртасида Самарқанду Бухоро, Хива-ю Шаҳрисабз нима қилсин. Қизилқум саҳроси юрагида Нурота чашмасига нима бор?

Остона ҳатлаб уйга кирсам, димоғимни паловхонтўранинг иси қитиқлайди. То мен қўл узатмаганимча, ҳеч ким таомга қўл узатмайди. Сўнгра ўғилларим ишкомдан саратоннинг офтобига қизарган узумлардан олишади.

Набираларим эртак эшитиш илинжида оёқ-қўлларимни уқалай бошлайди. Бирам роҳатки, таърифга тил ожиз. Болам бир кунлик ҳаётим шу, – деб таржимонга юзланибди. Ҳа айтганча, эсим қурсин. Болам бир гапни айтмасам бўлмайди. Бир куни йўлда кетаётсам қўққисдан, адирликда терак новдасига кўзим тушиб қолди. Адирда терак қадаган чала боғбондан аччиғим чиқди. Бирдан хандон отиб кулиб юбордим. Сабаби, ўша чўпни ўтган йили чўпонлар адирга суқиб кетишган.

Ерга суқилган терак шоҳи эса ниҳолга айланибди. Жаннатмонанд Ўзбекистонда!

Мана сен пайғамбар авлодиман дейсан болам. Қуръонни биласан. Замахшарий бобом ёзган араб грамматикаси ўқигансан мактабда, баракалла. Ал-Бухорий бобом тўплаган “Сахихий Бухорий” китобларини ўқигансан. Энди Қуръондаги оятларни бир эсла.

Аллоҳ Қуръоннинг Тавба сурасида “Аллоҳ мўминларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшайдиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) буюкроқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир” (72-оят) дея хушхабар берган.

Сенга бир маслаҳат берай. Ўзбекистонга бор. Шунда ушбу оятнинг бу дунёдаги тасвирини кўрасан. Ям-яшил ишком остидан оқиб ўтаётган анҳорга разм соласан. Кавсар булоғидек тиниқ ва шаффоф. Анҳор устидаги соя-салқин сўридан тушмай шундоқ тепага қўл чўзасан, дунё бозорларида талаш Паркент узуми, ён томонга қўл чўзсанг корейслар севган гилос, японларни лол қолдирган нашвати нокларни кўргинда кейин мени эсла.

Тилмочнинг таржимасидан сўнг араб шайхининг бир юзи жилмайса, иккинчи юзи ҳайратдан қотганмиш. Отахоннинг айтишича, ниқоб қироли Жим Керри ҳижолатмиш. Араб тилмочга алланималар дебди.

Шунда тилмоч:

— Кечирасиз отахон, бу жаноб жавобингиздан ҳайрон. Очиғи, суқилган таёқни кўкартираётган жаннатмонанд замин, тарс ёрилган қовун-у, булоқда оқиб келаётган қирмизи олмалар, муздек сувда ботириб паққос туширилган нон, ям-яшил ишком остидан оқиб ўтаётган кавсар булоғидек тиниқ ва шаффоф анҳор устидаги сўридан тушмай кирсиллаган узум, тилёрар нашвати нокларни узиб олиш... Тўғриси мен ҳам ўзбекман. Очиғи ишонмаяпман. Шунинг учун мана бу араб ҳайратда. Сизга сўраяптики, “Илтимос, жаннатни эмас, юртингизни тасвирлаб беринг!”

Жонибек ШУҲРАТОВ,
Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

23 993
ЎзА