Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 11:09 Чоп этиш версияси

Ҳар ким ўз ишига виждонан ва қонунан ёндашса...

Ҳар ким ўз ишига виждонан ва қонунан ёндашса...

Аҳолининг аксарият мурожаатларида Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаби бузилаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 7-боб 51-бандида кўрсатилганидек, “Истеъмолчи, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини истеъмолчининг маблағи ҳисобига сотиб олинади ва қиёсловдан ўтказилади. Ҳудудий электр корхоналари томонидан Бюро билан ҳамкорликда бепул ўрнатилади, пломбаланади ва рўйхатдан ўтказилади”, деб белгилаб қўйилган.

Бироқ аҳолининг аксарият мурожаатларида Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори талаби бузилаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, туманнинг Самандарак қишлоғида яшовчи фуқаро Н.Содиқов ёзган аризасида кўрсатилишича электр ҳисоблагичини қўйганига 11 йил бўлишига қарамай, электр корхонаси базасига киритилмаганлиги, бунинг оқибатида электр энергиясидан 740000 сўм қарздорлик ҳисобланганлигидан эътироз билдирилган.

Жамият мутахассислари ва туман МИБ ходими ҳамда туман ЭТК ходимлари фуқаро Н.Содиқов билан биргаликда ҳолатни ўрганганида фуқаро Н.Содиқовга электр энергияси истеъмолчиси сифатида тегишли ҳисоб-рақами берилганлиги, яшаш хонадонидаги электр ҳисоблагични 2007 йилда алмаштирганлиги, лекин туман ЭТК ходими томонидан ҳисоблагични алмаштирилганлиги тўғрисидаги “Наряд далолатномаси” расмийлаштирилмаганлиги, ЭТК ПК-ҳисоб дастурида эса умуман бошқа ҳисоблагич рақами турганлиги, қолаверса ЭТК назоратчиси томонидан мунтазам нотўғри кўрсатгич киритиб борганлиги оқибатида фуқаронинг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги 740 000 сўмни ташкил қилган.

Кузатув натижасида фуқаро электр тўлов дафтарчаси ва ҳисоблагич охирги кўрсатгичи бўйича ҳисоб-китоб қилинганида қарздорлик аслида 740 000 сўм эмас, 18 000 сўмни ташкил этганлиги аниқланди. Шунингдек, фуқаронинг хонадонидаги ДДС 28U маркали, электрон ҳисоблагич “Наряд далолатномаси” асосида “Электр ҳисоб” дастурига киритилди ва истеъмолчининг талаби тўлиқ қондирилди.

Бундан хулоса шуки, ҳар бир ходим ўз ишига виждонан ва қонун талаби бўйича ёндашсагина юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиб, истеъмолчиларимизнинг сарсонгарчилиги ва уларга етказилаётган моддий, маънавий зарарларнинг олдини олган бўламиз.

М.Олтибоева,
Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва 
ахборот мутахассиси 

ЎзА