ЎзА Ўзбек

13.08.2018 15:47 Чоп этиш версияси

Ҳар бир ғўзада 20-25 та кўсак

Ҳар бир ғўзада 20-25 та кўсак Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Толлой она” фермер хўжалиги зарбдор 40 кунликда ҳосилга-ҳосил қўшаётган пешқадам жамоалардан бири.

Ғўза парваришини агротехник талаблар асосида олиб бораётган хўжалик аъзолари ҳар гектар майдондан 40 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқда.

Пахтачиликда бой тажриба тўплаган аҳил жамоа меҳнатини бир текис ҳосил тўплашга ўтган баравж ғўзалар ҳам кўрсатиб турибди. Ҳар туп ғўзада 25-30 тагача, баъзиларида ҳатто 35-40 тагача кўсак санаш мумкин.

– Деҳқон учун қулай йил, айниқса, бизнинг ҳудудимизда кам бўлади, – дейди “Толлой она” фермер хўжалиги раҳбари С.Мавлонов. – Айниқса, бу йил арнасойлик деҳқонлар учун табиатнинг синови қаттиқроқ бўлди. Энди қийинчилик ортда қолди ҳисоб. Ғўза ялпи ҳосилга “ўтирди”. Пахта ривожидаги кечикишни етказиб олишимизда мамлакатимизда фермерларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарининг ёрдами катта бўлаётир. Жорий йилда бултургидан-да кўп ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз.

Жиззах даштини ўзлаштиришнинг энг сўнгги даврида очилган, сувнинг охирги қулоғи, Қизилқум гармсели йўлидаги биринчи бекат бўлган Арнасойда пахтачилик учун бирмунча мураккаб келган бу йилги мавсум деҳқонни чинакам синовдан ўтказмоқда. Ана шу табиий иқлим қийинчиликларига қарамай, ўтган йилгидек пахта етиштираётган фермерлар кўп. “Толлой она” билан ёнма-ён "Турон”, “Олтин замин кўзгуси” ва “Очил ота” фермер хўжаликлари далаларида ҳам пахта ривожи ҳосилдорлик ўтган йилгидан мўл бўлишини кўрсатмоқда.

Бугун бундай омилкорлик билан меҳнат қилаётган фермерлар кўп. Қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари туманнинг барча ҳудудларида ғўза ривожини ўрганиб чиқди. Ғўза ривожи суст, ҳосил тўплашда ортда қолаётган майдонлар аниқланиб, қўшимча агротехник тадбирлар ўтказилаётир. Суғориш “шарбат” усулида амалга оширилмоқда. Зараркунанда ҳашаротларга қарши биологик усулда самарали кураш олиб борилмоқда.

– Туманимизда 9 минг 200 гектарда пахта етиштирилмоқда, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И.Шакаров. – Айни пайтда барча майдонларда ғўза ривожи қониқарли. Пахта ҳосили учун ажратилган имтиёзли банк кредитлари, ўғит ва нефть маҳсулотлари вақтида етказиб берилаётгани, барча агротехник тадбирлар оби-тобида ўтказилаётгани ғўза ривожидаги кечикишни тўлдириш имконини бермоқда.

Далада ишлаётганларга кўнгилдагидек меҳнат ва дам олиш шароити яратиш ҳам сектор раҳбарлари эътиборида. Ҳар бир ҳудудий фермер хўжалиги уюшмаси даласида “Механизаторлар уйи” ташкил қилиниб, бу ерда ётоқ жойи, иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитлар яратилган. Натижада культиваторлар унумли ишлатилаётир.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
4 022