ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ҳар бир ёшга – 1 гектардан лойиҳаси амалда

Ҳар бир ёшга – 1 гектардан лойиҳаси амалда

Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни даромад топишларида кўмаклашиш, қолаверса вилоят миқёсида қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ғалладан бўшаган майдонлардан «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида ер ажратиб берилди.

«Ёшлар куни» муносабати билан Боёвут туманида ҳам ёшлар ўз имкониятини қишлоқ хўжалик соҳасида синаб кўриши учун 200 нафар ёшларга ғалладан бўшаган майдонлардан ер ажратиб берилди. Туман мутасадди ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида ҳар бир ёшга – 1 гектардан ер майдони лойиҳаси доирасида экин экиш ишлари бошлаб юборилди.

1 гектардан-1.jpg

Ушбу хайрли иш вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Сардоба тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан биргаликда Истиқбол, Деҳқонобод, Навоий маҳаллаларида жами 70 нафар ишсиз ёшларга, ғалладан бўшаган майдондан шу куннинг ўзида 1 гектардан ер ажратиб берилди.

– Айни кунларда бизга ўхшаган ёшларга ер ажратилиши айни муддао бўлди, – дейди сардобалик Нодиржон Умрзоқов. – Карантин даврида ишсизлигим сабабли уйда нима қиларимни билмай юргандим. Менга ажратилган жойга кузги сабзавот, полиз ва мош маҳсулотлари экмоқчиман. Мақсадим – мўмайгина даромад олиб, худо хоҳласа, оилавий бюджетимга ўз ҳиссамни қўшишдир.

3 856
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА