Ҳар бир соҳа ривожланиши учун таълим тизими «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши керак!
2019 йилнинг охирида бутун дунёда бошланган пандемия мана бир йил муддат ичида дунё аҳолисига жуда кўплаб масалаларда «танбеҳ» беришга улгурди.
2019 йилнинг охирида бутун дунёда бошланган пандемия мана бир йил муддат ичида дунё аҳолисига жуда кўплаб масалаларда «танбеҳ» беришга улгурди. Коронавирус пандемияси бизнинг мамлакатимизга кириб келгунга қадар эса янги йил учун режани тузиб бўлган эдик: юртимизда 2020 йил – «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили», деб эълон қилинган эди. Таълимда жуда кўплаб марралар режа қилинган эди. Пандемия маълум маънода режаларни тезлаштириб берди.
Мамлакатимизда мустақиллик эълон қилинганидан бошлаб, йиллар давомида таълим соҳасида жуда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди, янги педагогик технологиялар илм-маърифатга татбиқ этилди, таълим берувчига ҳам, таълим олувчига ҳам талайгина талаблар қўйилди, интернет, компьютер, замонавий технологиялар билан бирга яшашга кўниктирилди. Талаб қанча юқори бўлса, уни бажара олмаслик ҳолатлари ортиб бораверди. Натижада, мамлакатимизда икки кўзга кўринган, шу билан бирга, бюджет ташкилотларида кўплаб кадрларига эга бўлган соҳалар – тиббиёт ва таълим тизимлари аъзоларига уддалаб бўлмас вазифалар юклатилди. Аста-секинлик билан соҳада «коррупция» ҳолатлари авж олди. Табиийки, бунинг ортидан кўплаб салбий ҳолатлар юзага келди.
Айни шу кунларда, яъни пандемия даврида бунинг натижаси ўзини яққол намоён қила бошлади: касаллик авж олди ва уни бартараф этиш учун кучли тиббиёт ходимларига эҳтиёж сезилди, ҳар бир туман, шаҳар, қишлоқда тўғри ташхис қўйиб, даволай оладиган, коронавируснинг қайта ривожланишини тақиқловчи вакцина ишлаб чиқадиган кадрлар сони озлиги сезилди.
2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган «Мурожаатнома»сида “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”, деб таъкидлаганлар.
Барча соҳаларнинг ривожланиш асосини олинган билим ва орттирилган тажриба ташкил этади. Шу жиҳатдан ҳам, берилаётган таълим илми толибларга ҳалол, виждонан, мақсадли ҳамда янги билимларга асосланган рақамли технологиялар асосида етказиб берилсагина, мамлакат равнақи, қолаверса, соҳа келажаги ҳақида қайғуришга асос қолмайди. Бунинг учун аввалдан курашиб келинаётган бюрократия ва коррупция ҳолатларига хотима ясалиши мақсад сари элтувчи йўлни яқинлаштиради.
Шу ўринда таълим олувчи ҳам виждонан ўқимоғи, устозлар томонидан юклатилаётган таълим топшириқларини мустақил, ҳалол бажариб, ўз келажагини ўзи барпо қилмоғи, ўз устида кўпроқ мустақил ишламоғи лозим. Боқимандалик кайфиятини, «берсанг ейман...» қабилидаги муносабатини ўзгартириши керак. Сабаби оддий – дунё экспертларининг фикрига кўра, пандемиядан сўнг рақамли таълим даври бошланади. Мана шу жараёнга мослашиш керак.
Замонавий дунё илм-фанида ёзилмаган бир қоида бор: «Энг яхши инвестиция – илмга қилинган инвестициядир». Сармоя киритасиз, аммо натижасини йиллар ўтиб оласиз. Киритилаётган сармоя беҳуда кетмаслиги, маълум даврдан сўнг ўз натижасини бериши керак! Бир сўз билан айтганда, юксакликни кўзлаган ҳар бир соҳа, хусусан, таълим тизими ҳар икки томондан «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши даркор.
Ҳулкар Мирзаҳмедова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети «Эрон-афғон филологияси» кафедраси мудири