Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 14:47 Чоп этиш версияси

Ҳар бир сўзида шукроналик

Ҳар бир сўзида шукроналик Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам уруш қатнашчилари кўнглини олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги учун жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасини ёд етишдек эзгу мақсадлар мужассам.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Чилонзор туманидаги Оқтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Борис Бадьяновнинг хонадонида бўлди.

Тўқсон беш ёшни қаршилаган Б.Бадьянов ўн тўққиз ёшида урушга кетган. Урушдан қайтгач, умрини ҳарбий хизматга бағишлади. Фарзандларини камолга етказиб, уларни юртга қўшди.

Ҳар бир байрам ва сайилларда туман ҳокимлиги, маҳалладагилар отахонни йўқлаб келади.

Мудофаа вазирлиги, давлат идоралари ва жамоатчилик вакиллари отахонни Президентимиз номидан байрам билан табриклаб, пул мукофоти ва совға-саломлар топширди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақс фахрийнинг кўнглини кўтарди.

– Турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда фаровон ҳаёт кечираётган Ватанда ҳар бир инсон қадрли ва эъзозда, – дейди Б.Бадьянов. – Президентимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан чексиз миннатдормиз. Меҳр-оқибатли халқимиз, кўнгли тоза қўни-қўшниларим бор экан ёлғизлигим ҳам билинмайди. Кексаларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг қулай шароитларда яшаши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароит яратиб бераётган Президентимиз доимо омон бўлсин.

Анна Воҳидова ҳам урушнинг аянчли воқеаларини ўз кўзи билан кўрган. У ҳам йигирма ёшида ҳарбий ҳамшира бўлиб урушга борди. Урушдан кейин ҳарбий тиббиёт соҳасида меҳнат қилди. Ўзи билан бирга ҳарбий соҳада фаолият юритган Сергей Ивановга турмушга чиқиб, бир қиз ва бир ўғилни камолга етказди. Уларни ўқитиб, олий маълумотли қилди.

Чилонзор туманидаги Боғзор маҳалласида истиқомат қилаётган А.Воҳидова тўқсон тўрт ёшни қаршилади. Онахон Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаш учун уйига келган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари ва курсантларни кўриб жуда қувонди.

Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Э.Ҳожимуродов онахонни Президентимиз номидан табриклаб, пул мукофоти ва совға-саломлар топширди. Хонадонда янграган куй-қўшиқ ва рақс онахонга олам-олам қувонч бағишлади.

– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди онахон. – Қаерга бормайлик, эъзозда, ҳурмат ва эътибордамиз. Айниқса, байрам кунлари уйимдан одам аримайди. Бундай эътибор ва меҳр биз, кексаларнинг умрини янада узайтириб, кўнглимизни тоғдек кўтармоқда.

– Туманимизда 58 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Чилонзор тумани бўлими раиси О.Аҳмедов. – Байрам муносабати билан ҳар бир ёши улуғ инсондан хабар олиб, уйларига кириб чиқмоқдамиз. Кексаларимизнинг ҳар бир сўзидаги шукрона, сермаъно маслаҳатлари ёшларимизга ибрат бўлиб, барчани бугунги тинч, фаровон кунларнинг қадрига етишга ундайди.

Гўзал Сатторова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
800






Все о погоде - Pogoda.uz