ЎзА Ўзбек

02.08.2018 17:21 Чоп этиш версияси

Ҳар бир мурожаат эътиборда

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Хоразм вилояти прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини такомиллаштириш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бир қатор долзарб вазифалар юклатилган. Иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш шулар жумласидандир.

– Бошқарма томонидан ўтган 6 ой давомида профилактика, қонунчилик тарғиботи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича 2 минг 271, тадбиркорларнинг ҳимоясига оид қонунчиликни тарғибот қилиш ишлари бўйича 1 минг 227 профилактик тадбирлар ўтказилди, – дейди Департаментнинг вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими катта инспектори Дилрабо Курязова. – Шунингдек, 329 тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилиб, 350 янги иш ўрни яратилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 23 жиноят фош этилди.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимларда фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефон”лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан бўлаётган мурожаатлар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганилмоқда.

А.Шокиров, ЎзА
11 310