Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 19:01 Чоп этиш версияси

Президентнинг Виртуал қабулхонасига 1 майга қадар тиббиёт соҳасига тааллуқли 25 мингга яқин мурожаат келиб тушган

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирликнинг масъул ходимлари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова ва бошқалар мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини жорий этишга қаратилаётган эътибор тиббий-ижтимоий соҳадаги муаммоларни самарали ҳал этиш, инсон саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури асосида бу борадаги ишлар тубдан такомиллашмоқда.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига 2017 йил 1 майга қадар тиббиёт соҳасига тааллуқли 25 мингга яқин мурожаат тушган. Улар ўрганилганда, баъзилар саломатлигини яхшилаш учун тиббий кўмак сўраган, айримлар тиббиёт ходимларининг муомала маданиятидан ранжиб шикоят йўллаган. Меҳнат ва бандлик, моддий ёрдам, дори-дармон нархи, тиббий таълим масалалари, ногиронлик гуруҳини белгилаш, нафақа, протез, техника воситалари сўраб қилинган мурожаатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олиниб, уларнинг ечимини топиш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Натижада бугунги кунгача мурожаатларнинг 93 фоизи ўз ечимини топган, олти фоизи кўриб чиқилмоқда бир фоизининг эгасини аниқлаш имкони бўлмагани учун аноним деб топилган.

Матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш такомиллашиб бораётгани қайд этилди. Бунга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, қонун доирасида бажаришда раҳбарларнинг ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини кучайтириш, масъулиятини ошириш орқали эришилмоқда. Бу чора-тадбирлар мурожаатларни белгиланган муддатда кўриб чиқиш, самарали ечимини топиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтиришга замин яратмоқда. Бу борадаги ишларни янада кучайтириш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Доимий фаолият юритадиган 1003 рақамли "ишонч телефони" йўлга қўйилди. Аҳолини қийнаётган муаммоларни жойларга чиқиб ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида вазирликнинг масъул ходимлари ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабулларда фаол қатнашмоқда.

Халқимизнинг тиббий хизматдан рози бўлишини таъминлашда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда жорий йилнинг ўтган даврида қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, дастур ва лойиҳалар тасдиқланди. Хусусан, бирламчи тиббий-профилактика ёрдамининг сифатини ошириш, патронаж хизматини такомиллаштириш, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Экологик муҳитни соғломлаштириш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олишга эътибор кучаймоқда.

Матбуот анжуманида соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тиббиёт тизимини такомиллаштиришга доир дастур ва лойиҳалар хусусида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар жавоб қайтарди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
5 230






Все о погоде - Pogoda.uz