Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 19:03 Чоп этиш версияси

Ҳар бир мурожаат эътиборда

Латифжон Баротов Тошкент давлат юридик университетининг 2-курсида таҳсил олади. У интернет алоқасида узилишлар бўлаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг виртуал қабулхонасига мурожаат этгач, мавжуд муаммо уч кунда ижобий ҳал этилди.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида аҳоли, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича медиа-тур ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, халққа кўмакдош бўлиш, эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга мадад кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юртимизнинг ҳар бир фуқароси томонидан қўллаб-қувватланиши билан бирга вазирлик ва идоралар, ташкилотлар фаолиятини давр талабига монанд йўлга қўйишни тақозо этмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг хатлари, ариза, шикоят ва таклифлари билан ишлаш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятининг доимий ва муҳим йўналишларидан биридир. Бу ерда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси хизматларидан фойдаланувчилар учун қулай усулда тўғридан-тўғри вазирликка мурожаат этиш имконияти яратилган.

Фуқароларни қабул қилиш жадвали асосида бу ерга ташриф буюрган жисмоний ва юридик шахслар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти томонидан қабул қилинмоқда. Мурожаатлар телефон орқали оғзаки тарзда ҳам ёзиб олинади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва унинг тизимидаги корхоналарга 2017 йил бошидан буён электрон шаклда келган мурожаатлар 433 тани ташкил этади.

Телекоммуникация ва почта хизматлари билан боғлиқ долзарб масалаларга қисқа вақт ичида ечим топиш мақсадида интернет тармоғининг murojaat.mitc.uz манзилида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбариятининг виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан мазкур тизим орқали 350 мурожаат қабул қилинган. Фуқаролар 0 800 200-41-07 махсус рақамидан фойдаланиб, бепул телефон орқали виртуал қабулхонага мурожаат йўллашлари мумкин.

Алоҳида таъкидлаш керакки, телефон алоқасида носозликларга дуч келаётган абонентларнинг шикоят билан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ваҳоланки, мазкур йўналишдаги долзарб масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясида uztelecom.uz онлайн қабулхонаси ҳамда абонент мурожаатларини қабул қилувчи (+998 71) 244-34-43 телефон рақами, шунингдек, 1084, 1086 қисқа рақамлари ташкил қилинган.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда самарали тизимни йўлга қўйиш мақсадида ахборот-коммуникация соҳаси муассасаларида ҳам виртуал қабулхоналар ташкил этилган. Жумладан, аҳоли почта алоқаси хизматлари юзасидан "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамиятининг www.pochta.uz сайтидаги виртуал қабулхонаси ёки (+998 71) 233-62-34 "Ишонч рақами" орқали мурожаат қилиш имкониятига эга.

Вазирлик тизимида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг www.gis.uz манзилида ҳам онлайн қабулхона мавжуд. (+998 71) 237-01-11 "Ишонч телефони" мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан қўнғироқларни қабул қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор хизматларни амалга оширади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги муассасаларда фуқароларнинг долзарб масалаларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида вазирликда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими ташкил қилинган.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди. Медиа-тур доирасида иштирокчилар "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг Тошкент шаҳар телефон тармоғи филиали "Call-Centrе" хизмати – Қўнғироқларни қабул қилиш ва уларга қайта ишлов бериш маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Назокат Усмонова, ЎзА
1 498






Все о погоде - Pogoda.uz