ЎзА Ўзбек

23.07.2018 12:22 Чоп этиш версияси

Ҳар бир масала ижобий ечим топиши керак

Ҳар бир масала ижобий ечим топиши керак
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти, туман ва шаҳарлар Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида турли идора ва ташкилот раҳбарларига 514 депутатлик сўрови юборилган.

Ушбу сўровларнинг 511 тасига тегишли тартибда жавоб олинган бўлса, атиги 3 таси жавобсиз қолган. Депутатлик гуруҳлари йиғилишларида 120 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилган. Кенгашлар сессияларига 27 таклиф киритилиб, уларнинг 15 таси юзасидан қарор қабул қилинган.

Депутатлар томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида тушган 240 мурожаатнинг 76 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 133 таси бўйича тегишли ташкилотлар вакиллари тушунча берган.

Бу каби маълумотлар Самарқанд шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят ва Нуробод туман Кенгашлари депутатлик гуруҳлари иштирокида ўтказилган семинарда қайд этилди.

Дастлаб партиянинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари О.Ахтамов ва Нуробод тумани Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Х.Сориевнинг ахбороти тингланди.

– Депутатлик гуруҳимиз йилнинг биринчи ярмида мутасадди идора ва ташкилотларга 33 депутатлик сўрови юборди, – дейди Х.Сориев. – Йиғилишларда тумандаги 11 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди. Туман кенгаши сессияларига 3 та масала киритилиб, уларнинг иккитаси бўйича қарор қабул қилинди. Лекин депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб олиш, сайёр қабуллар чоғида кўтарилган масалалар ҳал этилишида айрим муаммолар юзага келмоқда. Бу камчиликларни бартараф этиш учун, аввало, депутатларимиздан янада фаоллик ва дадиллик талаб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари вазифасини бажарувчи А.Шодмонов ахборотлар юзасидан ўз фикрини билдириб, учраётган муаммолар ва уларни баратараф этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга тўхталди.

– Бугун ҳаётнинг ўзи депутатларнинг ҳам ўзгаришини, замон билан ҳамқадам бўлишини тақозо этмоқда, – дейди А.Шодмонов. – Айниқса, депутат фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситаларидан қочмаслиги керак. Партия фракцияси, вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш лозим. Сабаби, маҳаллий Кенгашда кўтарилган масала ижобий ҳал этилса-ку яхши, лекин акси бўлса, ўша ернинг ўзида қолиб кетаяпти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциягача етиб бормаяпти. Бундай вазиятда ҳамкорликда фаолият олиб бориш партиямиз томонидан кўтарилган масалаларнинг тезроқ ечим топишига хизмат қилади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
3 758