Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 15:47 Чоп этиш версияси

Ҳар бир инсон доимий меҳр ва эътиборда

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг аҳамияти, мақсад ва моҳиятига бағишланган анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев ва бошқалар мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қисмини манзилли ҳимоялаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Афшин Парси мазкур ҳужжат ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий, маънавий, моддий асосларини янги босқичга кўтаришини айтди. Ушбу халқаро ташкилот Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларга кўмак кўрсатиш юзасидан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Мамлакатимизда алоҳида эҳтиёжли фуқароларга тиббий, ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйларида ижтимоий хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Эҳтиёжманд фуқаролар реабилитация техник воситалари, протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Имконияти турлича бўлган шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун бино ва иншоотларда пандус ва тутқичлар ўрнатилмоқда. Пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларни санаторияларда соғломлаштириш, алоҳида эҳтиёжли шахсларга реабилитация хизматлари кўрсатишга эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилиши ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Жамғарма маблағлари ногиронлиги бўлган шахсларга кўмак бериш, инклюзив таълимни ривожлантириш, реабилитация сифатини ошириш ва бошқа тиббий-ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилади.

– Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар доимий тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Алишер Иноқов. – Улар соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда 11 та реабилитация ва протезлаш маркази, 8 та санатория мавжуд. Шунингдек, 33 та Мурувват ва Саховат уйлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасалар тузилмасини модернизациялаш, соҳага илғор техника ва технологияларни жорий этишга эътибор қаратилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 883