Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 17:17 Чоп этиш версияси

Ҳар қандай хавфга қарши туришга қодирмиз

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Абдусалом Азизов оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқотда ана шундай фикрни билдирди.

Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган мазкур учрашувда ички ишлар вазирлиги, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарлари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ички ишлар органларининг фаолияти мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланди. Бу жараёнда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жамоат тартиби сақланишини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш соҳаларида амалий натижаларга эришишга эътибор қаратилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Шу асосда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувлар татбиқ этилаётир. Жиноятчиликка қарши курашишга жамоатчиликнинг кенг қатламларини жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида кўплаб маҳаллаларда бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг жамоатчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида ҳар пайшанба куни ташкил этилаётган жиноятчиликнинг олдини олишга доир комплекс тадбирлар, хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўқувчи ва талабаларнинг машғулотларда қатнашиш давоматини муҳокама қилиш, бу борада тартиб ўрнатиш юзасидан таълим муассасалари маъмурияти ва ота-оналар жавобгарлигини ошириш бўйича ташкилий-тушунтириш тадбирлари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Профилактика кунини ўтказиш амалиёти бошланган февраль ойида айрим ўқув муассасаларида давомат 50 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 90 фоиздан ошган.

Пойтахтимизнинг кўплаб чорраҳаларида ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали тезликни ошириш, светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик билан боғлиқ қоидабузарликларни автоматик рўйхатга олиш ва қоидабузарларга жарима ёзиш амалиёти йўлга қўйилгани қисқа вақтда ўз самарасини кўрсатди. Дастлабки вақтда бир кунда 8,6 минг қоидабузарлик қайд этилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич мингтага тушди. Бу самарали амалиёт доирасини босқичма-босқич кенгайтириш кўзда тутилган.

Иштирокчилар томонидан кўпроқ паспорт-виза қоидалари, прописка масаласидаги турли муаммолар юзасидан мутасаддиларга саволлар берилди. Прописка бўйича тегишли қонун мавжудлиги, барча масалалар шу асосда ҳал этилиши, виза бўйича соддалаштириш ишлари амалга оширилиши тушунтирилди.

Ижтимоий тармоқларда вояга етмаганларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган ўқитувчилар ҳақида видеороликлар тарқалгани, бунга ички ишлар органлари қандай муносабатда бўлгани сўралганда, Фарғона вилоятида содир бўлган ана шундай ҳолат, яъни ўқувчига қўл кўтарган ўқитувчи маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.

Ички ишлар органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ички ишлар вазири бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳисобот тақдим этиши айтилди. Бундай амалиёт бутун тизимга тааллуқли бўлиб, масалан, энг қуйи бўғиндаги профилактика инспектори бир ойда бир марта маҳалла фаоллари олдида қилган ишлари юзасидан ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилган.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 872






Все о погоде - Pogoda.uz