ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:57 Чоп этиш версияси

Аҳолининг ишончли муҳофазаси таъминланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳар йили октябрь ойида нишонланадиган Табиий офатларнинг хавфини камайтириш халқаро кунида “Хавфларни бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида зарур замонавий ускуналар билан жиҳозланган “Дамас” автомобили, шунингдек, аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича сайёр машғулотлар ўтказишга мўлжаллаб модернизация қилинган “Исузу” автобуси тақдим этилди.

Табиий офатлар инсониятга таҳдид ва мисли кўрилмаган зарар етказмоқда. Ушбу зарар ҳажми нафақат фалокатларнинг тез-тез содир бўлиши, балки жамиятнинг ривожланиш даражаси, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг самарали ишлашига боғлиқдир. Шу сабабли 2011 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари, полковник Ҳ.Абдулазизовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген фалокатлардан ҳимоя қилиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, фавқулодда ҳолатлар юз берган пайтда давлат тузилмаларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фанлар академиясининг Сейсмология институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда салмоқлии ишларни амалга оширмоқда.

Вазирлик фаолиятида БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг “Хавфларни бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси салоҳиятини мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Профилактика ишлари жараёнида аҳоли ва ҳудудларни сел ҳамда тошқинлардан ҳимоя қилиш бўйича энг долзарб вазифалар ўрганиб чиқилди ва бу борадаги ишлар амалга оширилди. Дарёларнинг қўриқланадиган зоналари ва гидротехник иншоотларда мавжуд нормалар ва талабларга риоя қилиниши текширилди, дарёлар ўзанлари, сойлар ҳамда гидротехник иншоотларнинг зарур ўтказиш қобилиятини таъминлаш мақсадида уларни тозалаш ва чуқурлаштиришга доир тадбирлар ташкил этилди.

Кўчкилар хавфи ҳам ниҳоятда долзарб муаммо ҳисобланади. Шу муносабат билан мамлакатимизнинг тоғли туманларида 18 аэровизуал кузатувлар амалга оширилди.

Аҳолининг тегишли қатламларини фавқулодда вазиятлар хавфи пайдо бўлганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш дастури ишлаб чиқилди. Мунтазам ўтказиб келинаётган ўқув машғулотлари ва тренингларда вазирлик мутахассислари малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 


ЎзА, Р.Бондарчук
12 321