Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.10.2017 16:22 Чоп этиш версияси

Анжуманда она тилимиз сабоғи

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 28 йиллигига бағишлаб анжуман ташкил этилди.

Тадбир қизиқарли ва танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Бунга таниқли адабиётшунос Омонулла Мадаевнинг тилимиз имкониятлари, бугунги кундаги ҳолати, тил ва адабиётдан ёшларга сабоқ беришда эътибор бериш лозим бўлган масалалар борасидаги қимматли фикр-мулоҳозалари, Шукур Қурбон ва Адиба Умированинг боболардан мерос миллий қадриятлар, она тилимизни мадҳ этувчи шеърлари ҳисса қўшди.

– Халқда "Устоз отангдан улуғ", "Меҳмон отангдан улуғ" деган мақоллар бор. Кейинги вақтларда бу мақолларни "Устоз отангдай улуғ", "Меҳмон отангдай улуғ" деб айтиш урф бўлди, – деди О.Мадаев. – Мақол халқ ижоди. Ижод бадииятсиз, бадиият муболағасиз бўлмайди. Меҳмон отангдан улуғ деб муболаға воситасида, аввало, отани азизлаймиз. Нега мен шу мисолни келтирдим?! Гап шундаки бугун одамларда тафаккур кучи ортган сари, тасаввур кучи камайиб бормоқда. Тасаввур эса инсонга завқ-шавқ беради. Шундай экан, миллатимиз аскияни, дўстона ҳазилни, сўз латофатини англамай қолмасин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз асарларида 28 мингдан ортиқ сўз ишлатган экан. Таққослаш учун – рус шоири Пушкин ўз ижодида 25 мингта, инглиз адиби Шекспир 22 мингта, испан ёзувчиси Сервантес эса 18 мингта сўзга мурожаат қилган.

Бугун ана шундай бой тилда миллионлаб инсонлар сўзлашади. Она тилимизда миллий классик адабиётимизга мансуб улкан миқдорда асарлар яратилган. Истиқлол йилларида она тилимизга бўлган эътибор кучайди. Унга давлат тили мақоми берилиб, ўзбек тилининг тараққиёти учун изчил амалий ишлар олиб борилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил қилинди.

Аммо кейинги пайтларда миллий тилимиз софлиги, ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Тилимиз имкониятларидан етарлича фойдаланмаяпмиз. Сўзни маъно жиҳатидан нотўғри қўллаш, шевага хос талаффуз, урғу қоидаларига риоя этмаслик, матнда имло хатоларига йўл қўйиш кўпайган.

– Бундай ҳолатга қарши курашиш фақат тилшунос олимлар эмас, балки ҳар биримизнинг, она тили ва адабиёти ўқитувчиларининг эса икки карра бурчидир, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси методисти Гулчеҳра Маманбоева.

Анжуман қатнашчилари она тилимизни асраб-авайлаш, уни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 178






Все о погоде - Pogoda.uz