Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 17:29 Чоп этиш версияси

Анжуман экология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига бағишланди

Наманган вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакатимиз экология соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида сўз юритилди.

Наманган ўзига хос ноёб наботот ва ҳайвонот олами, ер ости ва усти бойликлари, сув ҳавзалари билан мамлакатимизнинг экологик бой ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоятнинг очиқ сув ҳавзаларида, жумладан, Норин, Қорадарё ва Сирдарё соҳилларида оқ лайлак, ўрдакларнинг бир неча тури, тоғолди ҳудудларда бойўғли, бургут, сор, қирғий, бедана, тоғ товуғи, каклик, тустовуқ, тўқайзорларда фазан, қумри каби паррандаларни ҳамда бўри, тулки, чиябўри, жайра, ёввойи қуённи учратиш мумкин.

Шунингдек, дарёлар сазан, оқ амур, дўнгпешона, карась, хонбалиқ, илонбош каби балиқ турлари, бўрсиқ, ондатра сингари сув ҳайвонларига бой.

– Жуда ноёб тур бўлган оқ лайлакни табиатнинг индикатори деймиз, чунки у ҳаво ва сув энг мусаффо, хавфсиз ҳудудларда яшайди, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи М.Апақов. – Бу қуш вилоятимизни макон тутгани эътиборлидир. Экология атроф-муҳит муҳофазаси бир ташкилотнинг эмас, балки, бутун жамиятнинг вазифаси бўлмоғи керак. Бизнинг вазифамиз эса жамият ҳар бир аъзосининг ана шу вазифага онгли сафарбарлиги, бу борадаги қонунчилик ижросини таъминлашга кўмаклашишдир.

Тадбирда чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммолар тобора жиддийлашиб бораётгани таъкидланди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлари талаблари асосида давлат назоратини олиб бориш билан бирга қирғоқ минтақа ер майдонларига ҳар хил чиқиндиларни ташлаш ва сувга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаолияти юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериб борилмоқда.

Тадбир якунида аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, соҳадаги ислоҳотларни изчиллик билан ёритишда фаол ҳамкорлик қилаётган журналистларга бошқарманинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
2 406