Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 18:59 Чоп этиш версияси

Аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва шахсга қаратилган тиббий хизмат

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Тиббий патронаж: аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва шахсга қаратилган хизмат» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова ва бошқалар соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш давлатимизнинг эътибор марказида эканлигини таъкидлади. Бирламчи тиббий-санитария хизмати ишини халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш мақсадида аҳолига энг яқин тиббий бўғинда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қарорда бирламчи тиббиёт муассасалари жойлашувини оқилона ташкил этиш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш, мамлакатда, унинг ҳар бир ҳудуди ва аҳоли яшаш пунктларида касалланиш даражасини пасайтириш, профилактика ишларини янада яхшилаш кўзда тутилган. Ҳужжат ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 та ҚВП бинолари ҚВП ва поликлиника шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга берилмоқда. ҚВПлар, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда хизмат кўрсатиш вақтининг эрталаб соат саккиздан кеч соат саккизгача узайтирилгани аҳолининг бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Тадбирда вазирлик тизимида тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, тиббий патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиш йўналишлари ва истиқболдаги режалар хусусида батафсил маълумот берилди.

Юқоридаги ҳужжатнинг мантиқий давоми сифатида шу йил 13 сентябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, бириктирилган ҳудудда оилаларнинг тўлиқ патронаж билан қамраб олинишини таъминлаётган ва ўз фаолиятининг ижобий натижаларига эришган патронаж тиббиёт ҳамширалари ва умумий амалиёт шифокорларига тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача миқдорда ойлик шахсий устама белгиланди.

Мамлакатимизда тиббиёт ходимларидан биринчи навбатда касалликларнинг олдини олиш – хасталикка сабаб бўлувчи омилларни олдиндан аниқлаб, бартараф этиш механизмини йўлга қўйиш талаб этилмоқда. Буни эса тиббий патронаж хизмати билан оилаларга кириб борган ҳолдагина амалга ошириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, қишлоқ оилавий поликлиникаси собиқ ҚВПдан тубдан фарқ қилади. Янгидан ташкил этилаётган ушбу муассасалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар – УТТ, ЭКГ ва бошқа текширув аппаратлари билан жиҳозланмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори ва ўрта тиббиёт ходимларидан ташқари, жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, ультратовуш текшируви мутахассиси каби тор мутахассислар фаолияти йўлга қўйилаётгани аҳолини тиббий кўрик ва маслаҳат олиш учун марказга, кўп тармоқли марказий поликлиникаларга қатнаб юриш заруратидан халос этмоқда.

Тадбирда патронаж хизмати тубдан модернизация қилиниб, ҳуқуқий асослар билан мустаҳкамланаётгани, моддий базаси яхшиланаётгани алоҳида қайд этилди. Мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Матбуот анжуманидан сўнг иштирокчилар пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги намунавий асосда фаолият юритаётган 47-оилавий поликлиникага ташриф буюриб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар билан танишди. Мазкур оилавий поликлиникада электрон қабулнинг жорий қилингани аҳолига янада қулайлик туғдирмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 198






Все о погоде - Pogoda.uz