Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 12:49 Чоп этиш версияси

Ангренда янги тикув корхонаси иш бошлаши билан 120 нафар аҳоли бандлиги таъминланди

Ангренда янги тикув корхонаси иш бошлаши билан 120 нафар аҳоли бандлиги таъминланди

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида янги тикув корхонаси – “Rainbow Tekstil“ масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Катталар ва болалар учун турли хилдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонанинг очилиш маросимида шаҳар ҳокимлиги, солиқ инспекцияси, банклар, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шаҳар кенгаши масъуллари, шаҳар фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса фойдаланилмай турган биноларнинг тадбиркорларга “ноль” харид қийматида берилаётгани соҳанинг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат асосида шаҳардаги фойдаланилмай турган бино “ноль“ қийматда 9,7 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 200 янги иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорга берилган эди.

Тадбиркор “Саноатқурилишбанк” вилоят филиалидан олинган 1,7 миллиард сўм кредит ҳамда 8 миллиард сўм ўз айланма маблағи ҳисобидан икки қаватли бинони реконструкция қилиб, замонавий жиҳозлади. Замонавий тикув дастгоҳлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари ички бозорга сотилиши билан бир қаторда, Россия ва Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Энг муҳими, фабрика ишга туширилиши билан шаҳарнинг 120 нафар аҳолиси доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхонада жорий йил якунига қадар яна 80 чеварнинг доимий бандлигини таъминлаш, бу орқали доимий ишчиларни 200 нафарга етказиш мўлжалланмоқда.

А.Худойқулов, ЎзА