Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.09.2017 16:48 Чоп этиш версияси

Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудидаги ётоқхона қайта таъмирланди ва унинг 2- ва 3-қаватлари ҳарбийлар оиласи учун ажратилди

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга тўла жавоб берадиган миллий армиямиз шакллантирилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни Самарқандда ўтказилган сайёр видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони дунёда ҳарбий-сиёсий вазият тобора ўзгариб, миллий ҳамда глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда миллий армиямизни янада такомиллаштириш бўйича пухта ўйланган ҳаракатларни амалга оширишимиз зарурлигини таъкидлади.

Ватанни кўз қорачиғидек асраш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга камарбаста бўлаётган ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимиз сафларида мард ва жасур, ҳар томонлама билимли ёшлар хизмат қилмоқда.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий шароит – уй-жой билан таъминлаш ва бошқа қулайликлар яратиш, уларнинг фарзандлари таълим-тарбияси ва ижтимоий химоясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан ҳарбий хизматчиларга муносиб ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш мақсадида Чирчиқ шаҳрида 135 ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари учун 2-3 хонадан иборат кўп қаватли 8 та уй қурилиши бошлаб юборилган ва бу уйлар шу йилнинг декабрь ойида эгаларига топширилади.

Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудидаги ётоқхона қайта таъмирланди ва унинг 2- ва 3-қаватлари 42 ҳарбий оиласи учун ажратилди. 4-қавати эса оила қуришга улгурмаган 100 ҳарбий хизматчига берилди. Ўрта Чирчиқ тумани ва Ангрен шаҳридаги ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчилар учун 2018-2019 йилларда 16 та кўп қаватли уй қурилиши мўлжалланмоқда.

Ҳарбий қисм ва бирлашмаларни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш Қуролли Кучларимиз салоҳияти ва жанговар қобилияти мустаҳкамлигининг яна бир муҳим шартидир. Тошкент вилоятида 486 миллион сўм маблағ эвазига вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пункти тўлиқ қайта таъмирланди.

Ҳарбий қисм ва бирлашмаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Уларга бириктирилган фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ўзлари учун хавфсиз ва қулай, уларга миллий ғурур ва ифтихор бағишлайдиган энг замонавий ҳарбий кийим-кечак ва пойабзал билан таъминланаётир. Ҳарбий кийим турларининг янги моделларини ишлаб чиқишни ташкил этиш масаласи ҳам доимий эътиборда.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида Чирчиқ, Ангрен ва Тўйтепадаги гарнизонларда ҳарбий хизматчиларнинг 102 оила аъзоси ўз мутахассислиги бўйича ишга, 285 ҳарбий хизматчининг 326 фарзанди мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларига жойлаштирилди. Ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг 98 нафари Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” санаторийсида, уларнинг 232 фарзанди “Тонг” болалар оромгоҳида дам олдирилди.

Чақириққача бўлган ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, Ватан тақдири учун масъулиятли қилиб тарбиялаш – Қуролли Кучларимизни салоҳиятли, билимли ва, албатта, ватанпарвар кадрлар билан тўлдиришнинг энг муҳим шартидир. Шу мақсадда жорий йилда умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 725 ўқувчисининг вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларга ташрифи ташкил этилди.

Ёшларни амалий жиҳатдан ҳарбийлик касби сирларига ўргатиш мақсадида Ўрта Чирчиқ туманидаги ҳарбий қисм ва бирлашмалар ҳамда Чирчиқ шаҳридаги Сержантлар тайёрлаш мактабида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Шунқорлар" ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилди.

Халқ билан миллий армиямиз ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашда вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашининг фаолияти алоҳида эътиборга молик.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун муносиб номзодлар тайёрлашни ташкил этиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жумладан, Тошкент давлат аграр университети қошидаги Қибрай академик лицейи ва Бекобод туманидаги Далварзин касб-ҳунар коллежини таъмирлаш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига 130 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Мазкур таълим муассасаларида сифатли ўқув-тарбия жараёни ҳамда педагоглар малакасининг доимий равишда ошириб борилишини ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан Тошкент ҳарбий округи билан келишилган ҳолда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича таълим бераётган ўқитувчилар малакасини ошириш учун жорий йил апрель ойида Чирчиқ шаҳридаги офицерлар уйи ва Сержантлар тайёрлаш мактабида барча ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчиларининг 3 кунлик ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди.

Миллий армиямиз ва халқимиз якдиллигини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир ойда камида 2 маротаба ҳарбий қисм ва бирлашмаларга кириб, уларнинг муаммоларидан хабардор бўлиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳарбий таълимга ихтисослашган таълим муассасалари фаолиятини юксалтириш, пировардида Тошкент ҳарбий округини намунали округга айлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аввало, юртимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилиш мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишнинг ишончли кафолати бўла олади.

Шукурулло Бобоев, 
Тошкент вилояти ҳокими.

ЎзА
2 066






Все о погоде - Pogoda.uz