ЎзА Ўзбек

24.08.2018 21:55 Чоп этиш версияси

Англиялик сайёҳ Азиза Рават хоним: "Юксак даражадаги инсонпарварликдан лол бўлдим"

Англиялик сайёҳ Азиза Рават хоним: "Юксак даражадаги инсонпарварликдан лол бўлдим" Бухорода Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 193 фуқарога янги уйларнинг калити топширилди.

Шу муносабат билан Бухоро шаҳридаги Лаби ҳовуз мажмуаси ҳудудида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда пойтахтдан келган қатор мутасадди идоралар, вилоят жамоатчилиги вакиллари, кўп йиллик орзуси ушалган эҳтиёжманд оилалар иштирок этди.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Жорий йилда Бухоро вилояти бўйича ана шундай тоифага мансуб оилаларнинг 1 минг 156 таси имтиёзли шартлар асосида уй-жой билан таъминланади. 

9.jpg 

– Шу пайтга қадар тўрт оила бир ҳовлида яшар эдик, – дейди Пешку туманидан Раъно Рафиқова. – Бунинг нечоғли машаққат ва ноқулай эканини бошидан ўтказган билади. Беш фарзандимиз бор, улардан бири ногирон. Мен улар тарбияси билан бандман. Ёлғиз ўзи ишлайдиган турмуш ўртоғимнинг маоши фақат рўзғор тебратишга етади. Бу аҳволда яқин йилларда уйли бўлишимизга ишонмасдим. Президентимиз ташаббуси билан яратилган янги тизим туфайли уйли бўлдим. Бугун Янгиобод қишлоғида намунавий лойиҳа асосида қурилган икки сотихдан иборат уч хонали уй калити ва бошланғич бадал тўлангани тўғрисида сертификат топширилди. Бадал давлат томонидан тўлангани, уй нархининг қолган 130 миллион сўми банк томонидан 15 йилга кредит сифатида ажратилганини айтишганида рости, ҳаммамизнинг кўзимизга ёш келди. Ахир, бундай ғамхўрлик, меҳрибонлик яна қайси юртда бор?

Маросим катта байрамга айланиб кетди. Тантанада кўҳна Бухорони томоша қилгани келган бир гуруҳ хорижлик сайёҳлар ҳам иштирок этди. Уларнинг айримлари шўх қўшиқ ва дилбар мусиқалар янграган майдонда рақсга тушаётган янги уй соҳибалари даврасига қўшилиб кетди.

11.jpg

– Дастлаб, бу ерда нима бўлаётгани билан қизиқдим, – дейди англиялик сайёҳ Азиза Рават хоним. – Мамлакатингизда кам таъминланган оилаларга, ногиронлиги бўлган фуқароларга давлат томонидан имтиёзли асосда уй-жой берилаётгани, уй калити жамоатчилик иштирокида байрамона муҳитда топширилаётганини айтишди. Мен дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман. Лекин, бунақасини учратмаганман. Бирор-бир давлатда бундай юксак саховат ва олижанобликни кўрганим ёки бу ҳақда эшитганим йўқ. Ўзбекистонда кўрганларим – бетакрор обидалар, самимият, очиқ чеҳралик, юксак даражадаги инсонпарварлик мени лол қолдирди. Ажнабийнинг рақс тушаётганидан ажабланяпсизми? Ҳайрон бўлманг, мени мафтун этган юрт одамлари шодлигига шерик бўлишни жуда-жуда истадим. Ахир, бунақасини яна кўраманми-йўқ, билмадим.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
4 845