Андрей Кубатин: “Ислоҳотлар бўлмаганида, оқланишим даргумон эди”
Андрей Кубатин – тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.
Андрей Кубатин – тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.
У 2017 йилда Жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бунга бир кишининг ҳуқуқ-тартибот органларига йўллаган туҳмат хати сабаб бўлди.
Олим ўзининг айбсизлигини исботлаш учун 2,5 йил курашди. Ниҳоят 2019 йил сентябрь ойида у тўлиқ реабилитация қилиниб, оқланди.
Эслатиб ўтамиз, бундай оғир жиноят билан айбланган ва жазо муддатини ўтаётганда оқланган ягона инсон - Андрей Кубатиндир.
Ҳозирги кунда А.Кубатин аввал ўзи ишлаган Тошкент Давлат Шарқшунослик институти катта ўқитувчиси лавозимига қайта тикланди.
Илм билан шуғулланишни нина билан қудуқ қазишга қиёслашади. Бу илм йўлининг осон эмаслиги билан боғлиқ, албатта. Ҳалол ва машаққатли меҳнат эса инсонни фақат тоблайди ва камолотга элтади. Шунинг учун ҳам олим, чинакам зиёли инсонлар жамиятда ўзига хос ўринга, обрўга эга.
Бундай кишиларнинг ҳақсизликка чидаши осон эмас. Бироқ, ҳаёт чархпалаги одамларни баъзан турли кўйларга солади. Бошқача айтганда, умр йўли бир текис бўлиши мумкин эмас. Аммо бу йўлдаги энг ёмони – адолатсизликка дуч келишдир. Бундай вазиятда иродаси суст одам "синиб" кетиши ҳеч гап эмас.
Андрейнинг бошига туҳмат тошлари ёғилганида, у ҳам ўзини бироз йўқотиб қўяй деди. Чунки бу кутилмаган зарбани бирдан қайтаришнинг имкони бўлмади.
– Аввалига менга ҳеч ким қулоқ солишни ҳам истамади, – дейди А.Кубатин. – Шу тариқа кунлар, ойлар йилларга уланиб кетди. Лекин айбсизлигимни исботлаш учун курашдан бир лаҳза ҳам тўхтамадим.
А.Кубатин Марказий Осиё тарихига оид адабиётларни хорижлик олимларига бергани учун уни давлат сирига алоқадор ҳужжатларни ошкор қилишда айблашди. Ваҳоланки, у берган илмий адабиётлар интернетдаги очиқ маълумотлар базаларида ҳам мавжуд эди.
Унга қўйилган айб – энг оғир жиноятлардан бўлиб, бундайларга хавфли шахс сифатида қаралган. Илгари бундай шахсларнинг жазо муддати тугагач ҳам турли баҳоналар билан жазо муддати чўзиб борилган. Уни аввалига эшитишмаганининг сабаби ҳам шунда.
– Қамоқхонага тушган кунларим маҳбусга умуман одам сифатида қаралмаслигига гувоҳ бўлдим, – дейди Андрей. – Омадим бор эканки, сал ўтмай, ушбу тизимда, суд-ҳуқуқ соҳасида, айниқса, хавфсизлик хизматида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан муҳим ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Жазони ижро этиш муассасасидаёқ бунинг натижаси яққол сезилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маҳкумлар билан учрашувлари йўлга қўйилди. Шу тариқа мени эшитадиган одамларни топишга муваффақ бўлдим. Омбудсман вакиллари келганида мурожаатимни уларга топширдим. Давлатимиз раҳбари томонидан мансабдор шахсларнинг халқ билан мулоқоти йўлга қўйилгани туфайли оила аъзоларим Президент давлат маслаҳатчиси, Бош прокурор билан учрашиш ва мен ҳақимда маълум қилиш имконига эга бўлди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ишим судда қайта кўриб чиқилди. Тўғрисини айтсам, ислоҳотлар бўлмаганида оқланишим даргумон эди.
Бу жараёнда дунё олимлари ҳамжамияти, жамоатчилик ҳам ўзбек олимининг тақдирига бефарқ бўлмади. Уни озод қилишга оид мурожаатлар, чақириқлар янгради.
Ниҳоят, 2019 йил 26 сентябрда А.Кубатин Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция инстанциясида реабилитация қилинди ва суд залидан озодликка чиқарилди.
Олимнинг судда оқлангани ҳақидаги хабар барча зиёли аҳлини, кенг жамоатчиликни хушнуд этгани кўплаб интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда яққол акс этди.
Бу хабар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан ҳам олқишланди. Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ушбу воқеа ҳақида расмий сайтида баёнот берди.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини Элис Уэллс Ўзбекистонда олим Андрей Кубатин судда оқланиб, озод этилганини олқишлаб чиқди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистонда оқлов ҳукмлари чиқариш бугун янгилик эмас. Илгари суд амалиётида оқлов тушунчаси деярли учрамаган бўлса, кейинги уч йилда судда оқланаётганлар сони кескин ошди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш амалиёти деярли бўлмаган. 2016 йилда 6 нафар, кейинги уч йилда эса 1 минг 705 нафар инсон бунга мушарраф бўлди.
Аниқроқ айтганда, 2017 йилда 262 нафар, 2018 йил 867 нафар шахс оқланган бўлса, жорий йил 9 ойида судлар томонидан 576 нафар шахс оқланди.
Бу Ўзбекистон раҳбариятининг суд тизимида амалга ошираётган ислоҳотлари, қолаверса, судларнинг инсон ҳуқуқларини том маънода ҳимоя қилишга интилаётганининг яққол ифодасидир.
Яқинда Ўзбекистонда амалий ташрифда бўлган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян ҳам суд тизимида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини эътироф этди.
Бугунги кунда ёруғ юз билан талабаларга дарс бераётган Андрей Кубатиннинг режалари бисёр. Бир илдизга эга бўлган туркий халқлар тарихини чуқурроқ ўрганиш, шу йўналишда янги тадқиқотлар олиб бориш орқали бугунги кунда ягона мақсадлар сари интилаётган, дўстлик, қардошликка асосланган туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшиш олимнинг эзгу мақсадларидан.
Бошига тушган ташвиш туфайли олим гарчи орада анча вақт йўқотган, ғурури поймол этилган, руҳияти озор топган бўлса ҳам, уларнинг барини ортда қолдириб, фақат олға интилаётир.
Томирида славян қони бўлса ҳам, у ўзини асл туркий деб билади. Бу унинг ўзи туғилиб ўсган тупроққа, Ватанга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ифодаси ҳамдир. У ўзбек аёли – олима Феруза Жуманиёзова билан турмуш қурган, ўғлига Элбарсхон деб асл туркий исм қўйган.
Тақдирига соя солган қора кунлар учун ҳеч кимни айбламаслигини, ҳеч нарса даъво қилиш (маънавий зарар маъносида) нияти ҳам йўқлигини айтди у биз билан суҳбатда.
Бу ҳам унинг шу тупроқ асл ўғлони экани, мардлиги нишонасидир.