ЎзА Ўзбек

29.05.2019 Чоп этиш версияси

Андижонлик Хуршида Тиллаева кимни алдамоқда?..

Андижонлик Хуршида Тиллаева кимни алдамоқда?..
28 май ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон 24» телеканали орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи чоғида Андижон шаҳар “Мустақиллик” маҳалласи, Пушкин кўчаси, 49-умумий ҳовлида яшаган, 1984 йилда туғилган Хуршида Тиллаевага янги уй берилгани ва бунинг учун миннатдорчилик билдириб интервью берганидан сўнг уйдан чиқариб юборилгани кўрсатилган. 

Мазкур ахборот қанчалик тўғри ёки нортўғри эканига ойдинлик киритиш мақсадида мухбиримиз суриштирув ўтказди.

Хуршида Тиллаева 2010 йилда Жалақудуқ туманида яшовчи Акмалжон Бегалиевга турмушга чиққан, икки нафар фарзандли бўлган. 2017 йилда турмушдан ажраб, онасининг уйига, юқорида қайд этилган манзилга қайтиб келган. Бу уйда у икки фарзанди билан онаси, турмушдан ажраган синглиси ва ногирон укаси билан бирга яшаб келган.

Аниқланишича, Президент ташрифи давомида Хўжаобод туманидаги “Хидирша” массивида барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласидаги 263-сонли янги коттеж уй унинг онаси, синглиси ва ногирон укасига берилган. Шунингдек, ана шу массивдаги янги уйлардан бири, яъни 178 коттеж уй Андижон шаҳри, “Мустақиллик” маҳалласи, Юксалиш кўчасидаги 22-умумий ҳовлида яшаган опаси Мохисора Тиллаевага ҳам берилган.

Хуршида Тиллаева Давлат раҳбари ташрифи пайтида ва телевидениега интервью берган пайтда онасига берилган уйда бўлган. Аслида ушбу оиланинг оғир шароитда яшаётгани, Хуршиданинг 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, онасининг хонадонида унга яшаш учун шароит етмаслиги эътиборга олиниб, уни шахсий уй-жой билан таъминлаш мақсадида у 2018 йил сентябрь ойидан буён тикувчи бўлиб ишлаётган “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳомийлик тарзида “Хидирша” массивида 2019 йилнинг август ойида қуриб битказилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг 2 хонали хонадонини олиши учун бошланғич бадали сифатида 12.000.000 (ўн икки миллион) сўм ўтказиб берилган.

квтанция.jpg

Хуршида Тиллаева буни билган ҳолда ўзи учун ҳам коттеж уй олиш мақсадида “Мени уйдан чиқариб юборишди” деган мазмунда “Озодлик” радиоси орқали видеомурожаат қилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Андижон вилоятида 54 минг нафардан зиёд ногирон истиқомат қилади. Вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой билан таъминланиши зарур бўлган ногирони бор оилалар рўйхати шакллантирилган. Бугунги кунда биринчи навбатда уй-жой билан таъминланиши зарур 981 та оила мавжуд.

Вилоятда имкониятдан келиб чиқиб, энг оғир шароитда яшаётган ногирони бор оилаларни уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Ўтган йили 459 та, жорий йилнинг ўтган даврида 59 та ана шундай оилалар уй-жой билан таъминланди. Имконияти чекланган инсонларнинг барчасини бирданига уй билан таъминлаш мантиққа тўғри келадиган иш эмас-ку!?

Ҳозирда онаси билан яшаётган Хуршида Тиллаевага август ойида кўп қаватли уйларнинг икки хонали квартираси топширилади. Ахир Президентимиз топшириғи, вилоят ҳокимининг саъйи ҳаракати билан унга кўп қаватли уйлардан янги уй олиши учун хомийлик тарзида пул ўтказиб берилди.

Инсоф билан айтганда у янги уй олади. Аввал яшаган тор, ҳаво етишмайдиган, турли хидлар анқиб турадиган умумий ҳовлидан юз чандон яхши.

Хуршида Тиллаева коттеж уйга эга бўлиш мақсадида хорижий нашрлар учун видеомурожаат тайёрлаганини тан олди ва ҳали ҳам коттежли бўлишдан умид узмаётганини маълум қилмоқда. У ҳозирда фарзандлари билан онаси Халимахон Тиллаевага берилган уйда яшамоқда.

Вазиятдан келиб чиқиб айтиш жоизки, Хуршида Тиллаеванинг муқаддас Моҳи Рамазон кунларида “Уйдан чиқариб юборишди” деган иддолари у қадар ҳақиқатга мос эмас. Унинг бундай хатти-ҳаракати адолатданмикан!? Бу албатта, унинг виждонига ҳавола. Ким кимни алдаётгани эса кунлар ўтиб юзага чиқади.

45 289
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА