ЎзА Ўзбек

24.06.2020 Чоп этиш версияси

Андижонлик дастурчиларнинг илк лойиҳалари амалда қўлланилмоқда

Андижонлик дастурчиларнинг илк лойиҳалари амалда қўлланилмоқда
Андижон вилояти аҳолисининг кўплиги, зичлиги бўйича мамлакатимизда етакчи ўринлардан бирида туради. Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижонда ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, илф-фан, қўйингки, барча соҳа ва йўналишлар тобора ривожланиб бормоқда. Турли жабҳаларга илғор технологияларнинг жорий этилиши ҳисобига вилоятда ахборот коммуникация технологиялари бўйича малакали мутахассисларга талаб жуда юқори. 

Президентимизнинг яқин йиллар ичида мамлакатимизда 1 миллионта дастурчи тайёрлаш борасидаги топшириқ ва таклифлари асосида вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган Digital City (Рақамли шаҳарча) лойиҳаси ана шу йўналишдаги муаммоларга яқин йиллар ичида тўла барҳам беради. Яъни бу ерда йилига 200 нафардан ортиқ малакали компьютер дастурчилари тайёрланади. 

9 (2).JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон шаҳрида барпо этилган Digital City (Рақамли шаҳарча) технопарки билан танишган эди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан бўлган суҳбатда Технопарк сингари илғор, инновацион муассасалар мамлакатимиз тараққиёти, ёшлар камолотида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, ёшларни замонавий ахборот коммуникация технологиялари соҳасида иш олиб бориш, доимий ўрганиш ва изланишга чақирди. Мазкур йўналишда иш олиб бораётган ёшларга қарата:

– Жуда тўғри йўлни танлагансизлар. Бу – серқирра ва истиқболли соҳа. Сизлар бошқалардан 10-15 йил олдин юришингиз керак. Энг долзарб йўналишлар бўйича дастурий маҳсулотлар яратиб, халқимизга ва хорижликларга қулай хизматлар кўрсатиб, ҳам оилангизга, ҳам жамиятимизга наф келтиришингиз мумкин, – деган эди.

Умумий майдони 5,6 гектар бўлган ушбу мажмуада ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилади. 

Технопаркда ёшлар, тадбиркорлар, компьютер технологияси йўналишида янги касблар, фаолият турларини ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг қулайликлар яратилган. Жумладан, бу ерда очиқ ва ёпиқ коворкинг маркази, дата-центр, иккита конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

– Ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган Digital City лойиҳаси доирасида бунёд этилган муассаса мазкур йўналишда Тошкентдаги IT паркдан сўнг мамлакатимиздаги иккинчи йирик муассаса ҳисобланади, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Саматов. – Марказда тингловчилар, билим олувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган. Қолаверса, бу ерда тадбиркорлар ҳам самарали фаолият юритиши имконига эга. Энг асасийси, марказ ахборот технологияси соҳаси мутахассислари, дастурчиларни бирлаштирадиган замонавий масканга айланади. 

Вилоятнинг туман ва шаҳарларида ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари ташкил этилади. Ана шу курсларда таҳсил олаётганлардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган замонавий ўқув хоналарида йил мобайнида 2 минг 400 нафардан ортиқ киши ўқитилади. Умуман, марказ ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, компьютер технологиялари йўналишидаги илғор ғояларини ривожлантиришга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. 

16.JPG

– Айни кунда вилоятда тахминан 200 нафардан ортиқ дастурчи иш олиб боради, – дейди дастурий таъминот бўйича иш олиб борувчи “Симметрик” масъулияти чекланган жамияти дастурчиси Шоядбек Абдуюсупов. – Бу жуда оз, аслида вилоятда дастурий таъминот бўйича мутахассисларга талаб катта. Кўп ташкилот ва корхоналар мазкур соҳадаги малакали мутахассисларга муҳтож. Шу боис ҳам АКТ соҳасида қатор муаммо ва қийинчиликлар мавжуд. Digital City яқин йиллар ичида ана шу муаммоларни тўла бартараф этади.

Фаолият бошлаганига эндигина бир ой бўлган бўлса-да, бу ерда “Обод маҳалла”, “Уй-жой”, “Меҳнат”, “Смарт мактаб” сингари қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилди. 

Масалан, вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликдаги “Маҳалла” лойиҳаси доирасида вилоятдаги 866 маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида сет ўрнатилади, ҳар бир маҳалла интернет тармоғига уланади. Истаган киши қайси маҳаллада қанча аҳоли яшайди, қанча оила, хонадон бор, аҳолининг бандлиги, томорқадан фойдаланиш даражаси ва кўрсаткичлари, умуман, маҳаллага оид ҳар қанджай маълумот билан танишиш имкони яратилади. 

“Меҳнат” лойиҳасида эса вилоятдаги иш берувчилар рўйхати, қайси ташкилотда қандай иш ўрни борлиги, тўланадиган иш ҳақи ва иш билан боғлиқ барча саволларга онлайн тарзда жавоб олиш мумкин бўлади. “Уй-жой” лойиҳасида вилоятда курилаётган уйлар, уларнинг жойлашган манзили, қулайликлари, нархи, сотиб олиш тартиблари бўйича маълумотлар жойлаштирилиб, мавжуд ахборотларнинг очиқ ва шаффофлиги таъминланади. 

“Смарт мактаб” лойиҳасида мактаб ва оила ўртасида электрон тизим ўрнатилади. Мактабдаги дарс жараёнлари, фарзандларининг дарслардаги иштирокини ота-оналар уйида туриб, онлайн кузатиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, интернет, компьютер технологияларидан фойдаланувчи ўқувчиларнинг даражаси ва савияси бўйича рейтинг тузилади. Шу асосда иқтидорли ёшлар махсус курсларда ўқиш учун танлаб олинади, киберспорт ўйинлари бўйича турнирлар ўтказилади. 

Digital Cityда тадбиркорлар учун ҳам кенг қулайликлар яратилган. Чунки масофадан туриб ишловчи ёки бизнес ғояларини ривожлантириш мақсадидаги кишилар бу ерга келиб, хоналардан маълум соат, кун мобайнида офис сифатида бемалол фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, ҳамкорлар билан иш юзасидан учрашув ва музокаралар, шартномалар тузиш тадбирларини ўтказиш имконига эга бўлади. 

Андижонда ҳам фрилансерлик фаолияти, яъни масофадан туриб дастурлаш ва хостинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланаётган мутахассислар талайгина. Digital City технопаркидаги коворкинг маркази уларнинг ишини осонлаштиради, техника, офис харажатларини қисқартиради. Бундан ташқари, марказда рўйхатдан ўтган дастурчилар жаҳон бозорига ўз хизмат ва маҳсулотларини экспорт қилиш, ҳамкорлар топиши осон кечади.

– Мен Буюк Британиядаги Sharkgate.net сайтида фрилансер сифатида иш олиб бораман, – дейди андижонлик Олимжон Омонбоев. – Сайтнинг доимий ишлаб туриши, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган ишларни бажараман. Аввал кўпинча уйда, алоқа яхши бўлмаса, интернет кафеларда ишлар эдим. Ушбу марказнинг ишга тушганлиги мен каби кишиларга жуда катта қулайлик яратди. Алоқа, интернет сифати. Тезлиги юқори, барча шароитлар бор. Фойдаланиш учун тўлов ҳам у қадар баланд эмас. Очиғи, юртимизда ҳам мана шундай офислар бўлишини орзу қилар эдим. Кундан кунга юксалиб бораётган юртимизда халқаро талабларга жавоб бера оладиган бундай муассасалар барпо этилиб, иш юритаётганлигидан беҳад мамнунмиз. 

Бир сўз билан айтганда, андижондаги Digital City иқтидорли ёшлар марказига айланади ҳамда юртимиз тараққиётига хизмат қиладиган малакали дастурчилар тайёрланади. 

7 699
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА​