ЎзА Ўзбек

12.09.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Андижоннинг энг ибратли оиласи

Андижонда “Ибратли оила” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди, “Нуроний“ жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Марказий банк, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичида 16 ибратли оила ўзаро беллашди.

– Вилоятимизда 750 мингга яқин оила мавжуд, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. – Оилаларимиз қанчалик барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади. Шу маънода ўтказилаётган танловнинг асосий мақсади ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган.

Танловда иштирокчиларнинг оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабат, қўни-қўшнилар билан оқибатли бўлиш, таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва китобхонлик маданияти, шунингдек, оила аъзоларининг бандлиги, тадбиркорлик, томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги тажрибаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Олтинкўл туманидаги Марказ маҳалласида яшовчи Абдужаббор Маҳкамов оиласи энг ибратли оила, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Иккинчи ўринни Избоскан туманидаги Тўрткўл маҳалласида яшовчи Ғуломжон Бойбобоев оиласига, учинчи ўрин Асака туманидаги Гумбаз маҳалласида яшовчи Орифжон Турғунов оиласига насиб этди.

Танловда, шунингдек, “Китобсевар оила”, “Аҳил оила”, “Ишбилармон оила”, “Зиёли оила”, “Ораста оила”, “Саховатли оила” каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчиларининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 682