ЎзА Ўзбек

08.08.2018 16:43 Чоп этиш версияси

Андижонда жиноятчилик 33 фоизга камайди

Андижонда жиноятчилик 33 фоизга камайди
Андижонда аввал жиноят содир этган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилиш ҳолатлари 33 фоизга камайди.

Андижонда вилоят ички ишлар органлари томонидан туман-шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида турли жиноятлар содир этиб, илгари судланган, жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахслар билан олиб борилган ишлар натижасида мазкур тоифадаги шахслар ўртасида қайта жиноят содир этилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга камайган.

Айниқса, бу кўрсаткич Балиқчи, Асака ва Қўрғонтепа туманларида сезиларли камайган. Улуғнор ва Бўз туманларида эса муқаддам судланган шахслар томонидан умуман қайта жиноят содир этилмади.

– Илгари судланганлар томонидан такроран жиноят содир этилишининг олдини олишда аввало, уларнинг оилавий шароитларини ўрганиш, турмуш шароитларини яхшилаш, айниқса, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати гуруҳи бошлиғи Шерзодбек Нуриддинов. – Жумладан, қатор ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йилнинг биринчи ярмида 37 маротаба “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилиб, 283 нафар аввал судланган фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, жиноят содир этган шахсларнинг яшаш манзилларига бориб, содир этилган жиноятни жойларда муҳокама қилиш, сайёр судлар ўтказиш, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга кенг жамоатчилик таъсирини ўтказиш амалиёти ҳам самарали натижалар бермоқда.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА
10 348