Андижонда ўзгалар номи билан иш юритаётган сохта тадбиркорлар фаолияти ошкор бўлди
Бизнес юритиш учун муҳит йилдан-йилга яхшиланиб, солиқ юки ҳам кескин пасайтирилмоқда.
Бизнес юритиш учун муҳит йилдан-йилга яхшиланиб, солиқ юки ҳам кескин пасайтирилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим “уддабурон” фуқаролар қонунларни четлаб, ҳужжатсиз фаолият юритишни, бу орқали белгиланган меъёрдаги солиқларни тўлашдан қочишга уринмоқдалар.
Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан “Шинам қурилиш жиҳозлари” савдо мажмуасидаги “М.Н.Қ” масъулияти чекланган жамиятининг 156-157-дўконида қисқа муддатли текширув ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси тузилди.
Дарвоқе, ушбу жамиятга қарашли дўкондан харидорлар ўзи хоҳлаган турдаги сифатли, бежирим қандил ҳамда ёритиш жиҳозларини сотиб олишлари мумкин. Шу боис мижозлари ҳам кўп. Аммо “бренд”га айланган ушбу дўкон номидан иш юритувчи сохта тадбиркорларнинг борлиги ҳам маълум бўлди.
Мажмуанинг 53-54 ҳамда 95-дўконида шундай жиҳозлар билан савдо қилувчи Фарҳод Умаров ва Мухтор Нуралиевлардан (исм ва фамилиялари ўзгартирилган) ҳужжатлар сўралганида, “М. Н. Қ” масъулияти чекланган жамиятига қарашли эканликларини айтишиб, солиқ ходимларини чалғитишмоқчи бўлишди.
“Бизнес-омбудсман“нинг рухсати билан ушбу дўконлар текширувдан ўтказилганида, иккови ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз тадбиркорлик билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Боз устига “М. Н. Қ” раҳбарияти ҳам Фарҳод Умаров ва Мухтор Нуралиевнинг жамиятга умуман, алоқаси йўқлигини тасдиқлади.
Шунга асосан, давлат рўйхатидан ўтмасдан, ўзича ишбилармонга айланиб олган Фарҳод Умаровнинг 8 хил турдаги 40 миллион 821 минг сўмлик қандил ва ёритиш жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган бўлса, солиқ ходимларини чалғитишга уринган яна бир “уддабурон” Мухтор Нуралиевнинг савдога қўйган 28 турдаги 34 миллион 457 минг сўмлик қандил ва хўжалик молларининг сотилишига чек қўйилди.
Ноқонуний йўл билан бойлик орттириш илинжида белгиланган тартибларни четлаб ўтишга ҳаракат қилгани етмагандай, солиқ ходимларини ҳам алдашга уринган икки “сохта тадбиркор” қонунлар доирасида қилмишига яраша жазога тортилади.