ЎзА Ўзбек

13.08.2018 20:41 Чоп этиш версияси

Андижонда янгича тизим иш бошлади

Андижонда янгича тизим иш бошлади Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” номли янги тизим жорий этилмоқда.

Айни кунларда вилоятдаги 878 та маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур тизимни шакллантириш, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва афзалликларини тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур тизимда жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни баҳолаш, жиноятчиларга жазо тайинлаш жараёнида ички ишлар тизими ходимлари билан бирга, сектор раҳбари, прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, ҳудудий профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, халқ таълими, бандлик, соғлиқни сақлаш бўлимлари ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, маҳалла посбонининг иштироки, яъни уларнинг ҳамкорликда иш олиб бориши шарт қилиб белгилаб қўйилди.

Энди жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга уларнинг барчаси масъул, ўзаро ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади. Бу жараён қандай кўринишларда намоён бўлади? Дейлик, бир ўқувчи сабабсиз мактабга келмади. Бунинг учун ўқитувчи жавоб беради. Бинобарин, у ўқувчини суриштириши, унинг дарсга келмагани сабабини аниқлаши керак. Лекин бунга унинг вақти ҳам, имкони ҳам йўқ. Чунки у дарс ўтиши зарур. Янги тизимга кўра, ўқитувчи ана шу ҳолатда ички ишлар бўлими профилактика инспекторига, маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисига телефон орқали хабар беради. Улар мактабга келмаган болани сўраб-суриштиради, унинг дарсга нима учун бормагани сабабини ўрганади, дарсга қайтариш бўйича зарур чоралар кўради.

Ёки қаердадир жиноят содир этилди, дейлик. Ички ишлар бўлими бу ҳақда жиноятни содир этган фуқаро яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига, унинг иш жойига, ўқийдиган таълим муассасасига, агар аёл киши бўлса, у яшайдиган ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитасига зудлик билан хабар беради. Жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва омиллари биргаликда ўрганиб чиқилади, жазо тайинлашда ҳам уларнинг барчаси ўз фикрини, муносабатини билдиради. Тўғри, жиноят содир этган шахс жазоланиши керак. Лекин фуқаро ўзи билмаган, истамаган ҳолда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик иштирокчисига айланиб қолган бўлиши мумкин. Шундай ҳолатда маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ўша фуқарони кафилликка олиш орқали унга тайинланадиган жазони енгиллатиши ёки жазодан озод қилиши мумкин. Шу тариқа том маънода адолат ва ҳақиқат қарор топади. Кимгадир ноҳақ айблов қўйилишининг олди олинади.

Энг асосийси, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаро қилмиши маҳалласида муҳокама қилинади, унга кенг жамоатчилик томонидан таъсир чоралари кўрилади. Бу албатта, ҳар қандай жиноят қилишга мойиллиги бор шахсни ўйлаб, мулоҳаза билан иш юритишга ундайди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишда турли тадбирлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ҳам ижобий натижа беради.

Айни пайтда ушбу тизимни шакллантириш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Маҳаллаларга профилактика инспекторлари, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролари йиғини раислари ва бошқа мутасаддиларнинг иш жойи, телефон рақамлари кўрсатилган 70 мингдан зиёд ташриф қоғози (визитка) хонадонлар, корхона ва ташкилотларга тарқатилди.

– Маҳалламиздаги 724 хонадонда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Андижон шаҳридаги “Маориф” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Мамасолиев. – Барча хонадонларга масъул шахсларнинг телефон рақамлари кўрсатилган ташриф қоғозлар, шунингдек, хонадонда, қўни-қўшнилар орасида жиноят келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар, вазиятлар хусусида мутасадди идоралар вакилларига хабар бериш зарурлиги бўйича огоҳлантириш хатлари тарқатилди. Мақсад, маҳалладаги ҳар қандай муаммони шу ернинг ўзида бартараф этиш, юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишдир.

“Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тамойили асосида жиноятчилик ҳолатларининг олдини олишга нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки корхона, ташкилот, муассасалар, шунингдек, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раҳбарлари ҳам масъул ҳисобланади.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 207