ЎзА Ўзбек

20.08.2018 12:12 Чоп этиш версияси

Андижонда Қурбон ҳайити муносиб нишонланади

Андижонда Қурбон ҳайити муносиб нишонланади
Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни беками-кўст адо этишлари учун барча шароитлар яратилган. Бугун халқимизга мана шундай асрий орзулар рўёбини туҳфа этган улуғ неъмат – истиқлолимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир юртдошимиз қалбида жўш урмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 15 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, байрамни тартибли, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Қурбон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Аҳоли қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда ибодат қилиш, диний амалларни адо этиш учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли ободонлаштириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

– Қурбон ҳайити намози вилоятдаги 169 та жомеъ масжиди ҳамда “Сайид Муҳиддин Маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров. – Ҳайит намозлари ўқиладиган масжидлар тайёр ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур барча шароит ва қулайликлар яратилди.

Дарҳақиқат, Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, санитария-эпидемология назорат маркази ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиор ва паннолар ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, Қурбон ҳайити байрами вилоятда кўтаринки кайфиятда ўтиши учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA
5 502