ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Андижонда тиббий кислород ишлаб чиқарилади

Андижонда тиббий кислород ишлаб чиқарилади

Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида тиббий кислород ишлаб чиқарувчи мини-завод ишга тушди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ўзбекистонда пешқадам тиббий технологияларни бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мини-завод очилишига бағишланган тадбирда шифокорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, хорижлик мутахассислар иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳоз ва ускуналар, зарур ашёлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

2.jpg

4.jpg

5.jpg

– Даволаш жараёнларида ўта муҳим ҳисобланган тиббий кислород бугунга қадар клиникамизга баллонларда ташиб олиб келинар ва бу қатор қийинчиликлар туғдирар эди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. – Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида амалга оширилаётган қиймати 130 минг еврога тенг бўлган лойиҳа доирасида ишга туширилган мини-завод бу борадаги қийинчиликларга барҳам бериш билан бирга, ана шу маҳсулотни сотиб олишга сарфланаётган харажатларини қисқартиради, беморларга ўз вақтида сифатли тиббий кислородни хавфсиз, осон етказиб бериш имконини беради.

Шунингдек, лойиҳа доирасида клиникада хорижлик малакали шифокорлар томонидан “Гинекологияда лапароскопия ва гистероскопия” мавзусида жарроҳ ва гинекологлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ана шу йўналишларда иш олиб бораётган мутахассислар иштирок этди. Уларга гинекологик хасталикларни юқори технологияли тиббий жиҳозлар ёрдамида даволаш бўйича сабоқ берилди.

7.jpg

9.jpg

Икки кун давом этадиган маҳорат машғулотлари жараёнида жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Андижон давлат тиббиёт институти ректори ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳа раҳбари томонидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатда келгусида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш кўзда тутилган.

1 458
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА