ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Андижонда тадбиркорлик янада ривожланади

Андижонда тадбиркорлик янада ривожланади

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг сессиясида Президентимизнинг жорий йил 2 август куни хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга бағишланган йиғилишда белгилаб берган вазифалари ижроси муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, депутатлар, сенаторлар иштирокида ўтказилган сессияда кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш янги босқичга кўтарилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилаётгани таъкидланди.

Сессияда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиевнинг ҳисоботи эшитилди.

Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 16 минг 451 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 37 минг 354 тага етди.

Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 69,5 фоизи, жумладан, саноат маҳсулотларининг 22,2 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 99,6 фоизи, экспортнинг 95 фоизи айнан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Шу йилнинг ўтган саккиз ойида тадбиркорлик субъектлари томонидан 120 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиниб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 бараварга ўсган. Ана шу даврда кичик бизнес субъектлари томонидан 55 минг 572 та янги иш ўринлари яратилди.

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тузилди. Ўрганишлар натижасида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари “яхши”, “ўрта” ва “қолоқ” тоифаларга ажратилиб, улар билан алоҳида-алоҳида иш олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, фаолият кўрсатмаётган 1 минг 429 тадбиркор фаолиятини тиклаш истагини билдирди. Уларга фаолиятини тиклаш учун зарур маслаҳат, амалий ёрдам берилди. Натижада август ойининг ўзида 1 минг 78 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини қайта бошлади.

Ишчи гуруҳ банклар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, ҳолати ўрта ва қониқарсиз бўлган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўрмоқда.

Сессияда вилоят ҳокимлиги томонидан “Тадбиркорлик куни” доирасида тадбиркорлар билан амалий мулоқот тизими йўлга қўйилгани ва яхши самара бераётгани қайд этилди. Шунингдек, бўлиб ўтган мулоқотларда аниқланган тадбиркорларнинг самарали фаолият юритишларига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг ечимини топиш, банк ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Айниқса, тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, кредит маблағи ва фоизларни ўз вақтида қайтариш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида қатор муаммолар борлиги ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратилиши, жорий этилган тизимдан тадбиркорларнинг етарлича хабардор эмаслиги, бу борада тарғибот-тушунтириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани ҳамда фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш борасидаги ишлар лозим даражада ташкил этилмагани қайд этилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессия ишида вилоятда кичик бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ҳар бир муаммо, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш борасида вазифалар белгилаб олинди. Кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш, мазкур жараёнда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда банк раҳбарлари масъулиятини ошириш лозимлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

16 727
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА