ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:28 Чоп этиш версияси

Андижонда қўшма клиника ташкил этилади

Андижонда қўшма клиника ташкил этилади

Ҳиндистоннинг Шарда университети президенти, профессор Прадип Кумар Гупта раҳбарлигидаги ушбу мамлакат мутахассислари Андижон давлат тиббиёт институтида бўлди.

photo5330099365919959491.jpg

Меҳмонлар институт клиникасидаги даволаш жараёни, ўқув-симуляцион марказ фаолияти, шифокор ва беморлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

photo5330099365919959490.jpg

Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашувда Ҳиндистон тиббиёт тизими, Шарда университети ҳақида маълумот берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.

photo5330099365919959489.jpg

Шарда университети Ҳиндистондаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, айни пайтда бу ерда дунёнинг 55 мамлакатидан 20 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. 

photo5330099365919959488.jpg

Ҳар икки олий ўқув юрти раҳбарлари иштирокида ўтган музокаралардан сўнг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича ҳужжат имзоланиб, Андижон давлат тиббиёт институтида Шарда университети филиалини, институт клиникасида эса қўшма клиника ташкил этишга келишиб олинди.

– Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси қошида урология, гематология, офтольмология, кардиохирургия, лапараскопия йўналишларига ихтисослашган қўшма клиника фаолияти йўлга қўйилади, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори Мадаминжон Мадазимов. – Клиника Ҳиндистондан келтирилган илғор замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, ушбу мамлакатдан малакали мутахассислар жалб этилади. Бундай ҳамкорлик юқорида қайд этилган йўналишлардаги хасталикларни самарали даволаш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янги босқичга кўтаради. Андижонлик шифокорлар эса Ҳиндистон клиникаларида малака ошириш имкониятига эга бўлади.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА​​
841