Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 14:53 Чоп этиш версияси

Андижонда саломатлик ҳафталиги

Андижонда саломатлик ҳафталиги Андижонда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан саломатлик ҳафталиги тадбирлари ўтказилмоқда.

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тиббий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, даволаш ва профилактика ишлари сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Саломатлик ҳафталигида вилоятдаги мурувват, меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, шунингдек, нуронийлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларида тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган “Тўғри овқатланиш”, “Патронаж ҳамшираси хонадонингизда”, “Соғлом турмуш тарзи” мавзуларида тадбирлар, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ўз соғлиғингга масъулиятли бўл!” мавзусида иншо ва диктантлар танлови ўтказилмоқда.

– Ҳафталик доирасидаги тиббий кўрикларга вилоятимиздаги етакчи тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари жалб этилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миркомил Отаҳожиев. – Унда фуқаролар 20 йўналишда тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Тадбирда юртимиз ва хорижий фармацевтика компаниялари ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашди. Соғлом турмуш тарзи, дори-дармон тарғиботига оид буклетлар тарқатилди. Ёш спортчиларнинг, болалар бадиий жамоаларининг кўргазмали чиқишлари, тиббиёт муассасаларининг соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган панно ва кўргазмалари ташкил этилди.

– Бугунги тадбирда 550 дан зиёд бола кўрикдан ўтказилди, – дейди Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси болалар бўлими мудири Гулнора Тўраева. – Болаларга, уларнинг ота-оналарига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, тиббий маданиятни юксалтириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Турли хавфли ва юқумли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига оид буклет ва адабиётлар тарқатилди.

– Шу йил 80 ёшга тўламан, – дейди Исломобод маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Бусора Низомова. – Қарилик қурсин, кейинги пайтларда юрагим безовта қилмоқда. Бугунги тадбирда кардиолог қўригидан ўтдим, зарур маслаҳатлар олдим. Эл-юрт саломатлиги йўлида шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тиббий кўрик натижасида касаллик борлиги аниқланган фуқароларга амбулатория ва шифохоналарда даволаниш учун йўлланма берилди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
4 755






Все о погоде - Pogoda.uz