ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Андижонда ойига 1 миллион долларлик экспорт имкониятига эга бўлган қўшма корхона ташкил этилди

Андижонда ойига 1 миллион долларлик экспорт имкониятига эга бўлган қўшма корхона ташкил этилди

Асака туман Давлат хизматлари маркази томонидан хорижий инвестиция иштирокидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт ва импорт қилишга ихтисослашган “Mega-agro eks” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Беларусь-Россия қўшма корхонаси рўйхатдан ўтказилди.

Устав фонди 500 миллион сўм бўлган мазкур корхонани ташкил қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уруғлар ҳамда кўчатларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда чет эл давлатларига экспорт қилишдан иборат.

Лойиҳа андижонлик тадбиркор Қудратиллохон Ҳусанов, беларуслик Сергей Гончарик ҳамда россиялик Вадим Пашковлар томонидан амалга оширилади.

— Тан олиш керак, бугун тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишдаги жараён энг қулай ва тезкор юмушлардан бири бўлиб қолди. Бундай дейишимни боиси, Давлат хизматлари марказидан қисқа муддат ичида қўшма корхона очишимиз нафақат менинг балки ҳамкорларимизни ҳам бирдек қувонтирди. Лойиҳага келадиган бўлсак, корхонамиз Асака ҳамда қўшни туманларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш билан шуғулланади. Ойига 1 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган, — дейди лойиҳа ташаббускори Қудратиллохон Ҳусанов.

Давлат хизматлари агентлиги
Андижон вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати

1 109
ЎзА